«EKOMAKTAB» экология-ресурс маркази.

  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»
  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»
  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»
  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»

Параллел ОЛАМ

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

«Мегаполиснинг ёввойи ҳайвонлари» деганда, кўпинча мушуклар, итлар ва сон-саноқсиз қарғаларни назарда тутадилар. Аммо биз билан битта шаҳарда кўршапалаклар, сув ҳавзаларида ондатралар яшайди, ботаника боғида бойўғлилар қишлайди, саноат зоналарида эса сариқ юмронқозиқлар кўпайтирилади. Бу бизнинг параллел оламимиз!

Инсон ёввойи табиатдан яшаш учун яроқли ерларни тортиб олиш, ўзи учун янги қулайликлар яратиш, мегаполислар қуриш орқали цивилизация чегарасини кенгайтиришига қараб, у бизнинг кичик укаларимиздан тобора узоқлашиб борган. Инсон табиатга яқинлик ҳақида орзу қилар экан, бу тоза тоғ ҳавоси, баланд бинолар билан тўсилмаган чексиз осмон ва тинчлик, осойишталикнигина эмас, балки бирон-бир ҳайвон билан тўқнаш келиш имкониятини ҳам англатади. Аммо шаҳарда ҳам биз ёлғиз эмасмиз: у ердан қуш учиб ўтади, бу ерда қурбақа қуриллайди, сал нарида эса чирилдоқ сайраши янграйди.

Бир пайтлар ҳозир «Тошкент» халқаро аэропорти жойлашган ер Чирчиқ дарёсининг қуюқ бутазорлардан иборат қайири бўлган, у ерда тўнғизлар, қуёнлар, бўрсиқлар яшаган, XIX аср охирида эса ҳатто турон йўлбарсига дуч келиш мумкин бўлган. Шаҳар солномасида мазкур йиртқич ҳайвонга бағишланган саҳифалар мавжуд. 1879 йилнинг январида Бешёғоч дарвозаси яқинига дайдиб келиб қолган йўлбарс Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлар аҳолиси тинчини бузади. Одамлар йўлбарсдан қўрқиб шаҳардан ташқарига ўтин тергани ҳам чиқа олмай қоладилар. Маҳаллий аҳоли вакиллари Зангиота қишлоғи оқсоқоли бошчилигида йиртқич ҳайвоннинг изига тушадилар, аммо пистирмада турган йўлбарс уларга ташланиб, қишлоқ оқсоқолини ўлдиради ва яна икки овчини оғир яралайди.

Тошкент атрофидаги охирги йўлбарсни князь Голицин 1906 йилда отиб ўлдиради. Ҳайвон тулуми ХХ аср 60-йилларининг ўрталаригача Тошкент табиат музейи залларидан бирини безайди, аммо бу ноёб экспонат музейда чиққан ёнғин натижасида нобуд бўлади.

Бир қарашда, электротехника, бетон, асфальт ва ойналарга тўла шаҳар ҳаётига бу ерда яшайдиган аҳолига фақат телевизор экранидан таниш бўлган ёввойи табиатдан ҳеч нарса кириши мумкин эмасдек бўлиб туюлади. Шаҳар – табиатнинг ва ёввойи муҳитда яшайдиган ҳайвонларнинг душмани, деб ҳисоблаш одат тусини олган. Аммо бу нотўғри.

Албатта, ҳозир Тошкент атрофида йўлбарснинг уруғи ҳам йўқ, лекин тулки, чиябўри, чўл сассиқкузани, тустовуққа дуч келиш мумкин. Не ажабки, пойтахтимизда учрайдиган ҳайвонлар рўйхати бугунги кунда ҳам анча кенг. Ахир шаҳарда ем топиш осон, бу ерда температура 3-4 даража баланд, қишда эса бу муҳим омилга айланади, шунингдек Тошкентда яшил зоналар, боғлар ва хиёбонлар кўп. Масалан, ботаника боғи ҳудудида қишда шалпангқулоқ бойўғлиларга дуч келиш мумкин. Дарвоқе, мазкур қушларга ем бўлган ҳайвонларнинг суяк қолдиқларини ўрганган орнитологлар бизда ер юзидаги энг митти сут эмизувчи – вазни атиги 1,5–2 г бўлган этрус сичқони яшашини аниқладилар. Ушбу жажжи ҳашоратхўрларни бошқа йўллар билан аниқлаш жуда қийин. Бу кўп тишли миттивой (ертешарлар оиласи мазкур вакилининг илмий номи шундай)га нисбатан «яшаш учун ейди» деган матал жуда мос келади. Яшаб қолиш учун бу миттивой узлуксиз овқатланиши керак. Унга зарур бўлган емнинг бир суткалик вазни унинг ўз вазнидан икки баравар ортиқ. Бир суткада 150 кг овқат ейдиган одамни бир тасаввур қилинг-а!

Тупроқ олмахонлари вакили – сариқ юмронқозиқ темир йўллар ёқасида ва саноат зонасида ўзини яхши ҳис қилади. Бу кемирувчилар қиш уйқусидан мазкур фасл тугагани заҳоти чиқадилар ва тўрт ойлик фаол ҳаёт давомида насл қолдиришга ва етарли миқдорда ёғ тўплашга улгурадилар, шундан кейин июнь ойидаёқ яна узоқ муддатли уйқуга кетадилар.

Бу ерда ўхшаш турмуш тарзи туфайли сиртдан кротни эслатадиган жажжи кемирувчи – даласичқон инларига дуч келиш мумкин. Бу ҳайвоннинг инглизча номи mole vole, яъни кротсимон даласичқон. Аслида даласичқоннинг кротларга умуман алоқаси йўқ. Даласичқон асосан ер остида яшайди, ўсимликларнинг пиёзбошлари ва илдизларини еб кун кўради, бу билан томорқа ва гулзорларнинг эгаларида норозилик уйғотади.

Уйда ҳайвон боқадиган шаҳарликларнинг аксарияти учун улар яқин дўстга айланади, лекин баъзан ўзимизга ёки болаларимизга зоодўкондан жониворлар харид қилаётганда ёки уларни табиат бағрига сафарлардан келтираётганда биз кейинчалик улар бизга дардисар бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйламаймиз. Одамлар ўйламасдан уларни (одатда тошбақалар ёки типратиконларни) бирон-бир боғга қўйиб юборадилар. Бу жониворларнинг бир қисми шаҳар шароитида ҳалок бўлади, бир қисми эса сиз ва бизнинг шаҳар ҳаётимизга мослашади.

Ўтган асрнинг 50-йилларида қабул қилинган ва фойдалилигига ҳозирги вақтда жиддий шубҳа билдирилган четдан келтирилган турларни иқлимга мослаштириш дастурларининг амалга оширилиши натижасида Тошкент фаунасида Шимолий Америкадан келтирилган ондатра пайдо бўлди ва бугунги кунда уни шаҳримизнинг кўп сонли сув ҳавзаларида кузатиш мумкин. Мазкур ҳайвон наинки бизнинг юртимизда, балки бошқа кўпгина мамлакатларда ҳам яшаб кетган. ХХ асрнинг 70-йилларида телеут олмахони келтирилган ва Ботаника боғи ҳамда бошқа ўрмон-боғ зоналарига қўйиб юборилган.

Тошкент дарахтзорлари қушларнинг кўпгина турларини ўзига тортади. Қишда ариқлар бўйидаги дарахтларда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган кичик бақланларни, сув ҳавзаларининг юзасида чағалайлар галаларини кузатиш, кенгроқ майдонларда эса Қизил китобдан ўрин олган оқ қўтон, лайлакларга дуч келиш мумкин.

Ўзининг ўта фаоллиги ва тиниб-тинчимаслиги билан майна, ҳакка, қарға, гўнгқарға сингари қушлар алоҳида ажралиб туради. Улардан ташқари одам яқинида ва ҳатто унинг уйида яшашга қалдирғочлар, қумрилар, каптарлар, япалоққушлар, сассиқпопишаклар, чумчуқлар яхши мослашган.

Шаҳар биноларида қушлардан ташқари кўршапалакларга ҳам дуч келиш мумкин. Кундузи улар пана жойларда – чордоқларда, эски биноларнинг гумбазлари остида, пахса деворларнинг тирқишларида яшайди, оқшом тушиши билан овга чиқади.

Иморатларда «номақбул қўшнилар» - уй сичқонлари ва кулранг каламушлар ҳам яшайди. Кемирувчиларнинг иккала тури ҳам синантроплар, яъни одамга яқин ерда яшайдиган ва унинг фаолиятига боғлиқ бўлган турлар ҳисобланади.

Биланглаб юрувчилар кўзга кам ташланади. Булар шаҳарнинг сув ҳавзаларида яшайдиган турли балиқларни еб кун кўрадиган сувилон, кўпинча хавфли илон билан адаштиришадиган оёқсиз калтакесак – сариқ илон, геккончалар, чипор илонлар ва ҳ.к. Тошкентда заҳарли илонлар йўқ. Оддий одам илон ва кўршапалакларни кўрганда қаттиқ сесканади. Аммо бу ҳайвонлар биз учун мутлақо хавфсиз ва ҳатто турли ҳашоратлар билан озиқланиш орқали инсонга фойда келтиради.

Кўпгина олимлар ҳайвонларнинг ёввойи турлари барқарор экологик вазиятни қувватлаш ва бетакрор эстетикани яратиш учун шаҳарга жуда керак, деб ҳисоблайдилар. Демак, бизнинг вазифамиз шаҳарга ҳайвонлар яшаши учун янада жалб қилувчан тус бериш – боғлар ва иморатларни инсон ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа турлари билан бир қаторда шаҳар экотизимининг ажралмас қисми ҳисбланадиган қулай ва барқарор яшаш муҳитини яратиш имконини берадиган тарзда лойиҳалаштиришдан иборат.

Набираларимиз сайроқи қушларни излаб Тошкентдан бир неча юз чақирим нарига чиқишга мажбур бўлмасликларига, ариқда сариқ илонга дуч келиш эса ўзга сайёраликнинг учиб келиши сингари кутилмаган бир ҳол бўлмаслигига ишонгимиз келади.

Александр ЕСИПОВ,

Елена БИКОВА

Фотосуратларни муаллифлар олган


Янгиликларга обуна бўлиш

© 2024 EkoMaktab. All Rights Reserved.