«EKOMAKTAB» экология-ресурс маркази.

  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»
  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»
  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»

Ўзбекистон сув хўжалиги инновацияларни амалда жорий этиш йўлида.

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

Арид иқлим шароитлари ва асосий сув манбаларининг трансчегаравийлиги мамлакат сув хўжалигининг ўта муҳим аҳамият касб этишини белгилайди, чунки чучук сув ресурслари мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, бутун Марказий Осиё минтақаси барқарорлигининг муҳим ва асосий ҳаётий омили ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистон сув хўжалиги ўзида нимани ифодалайди, унда қайси муаммолар долзарб аҳамиятга эга?

Р.А. Мамутов: «Бугунги кунда Ўзбекистон ихтиёрида ички дарёлар оқимининг 11,5 км3 ва трансчегаравий дарёлар сувларининг 42,0 км3, шунингдек 9,43 км3 оқова ва ер ости сувлари мавжуд.

Республика сув хўжалиги – бу 4,3 млн. гектарга яқин суғориладиган ерларга хизмат кўрсатувчи, 180 минг км дан зиёд каналлар тармоғини, 140 минг км зовур-коллектор тармоғини, 160 мингга яқин иншоотлар, шу жумладан 800 дан зиёд йирик иншоотларни, бир йиллик қуввати 8,0 млрд.кВт бўлган 1588 насос станцияларини, умумий сиғими 19,8 млрд.м3 бўлган 55 сув омбори ва 4100 дан зиёд қудуқларни ўз ичига олган ирригация тизимларининг мураккаб мажмуидир.

Ўзбекистон, минтақада энг катта суғориладиган ер майдони ва энг кўп аҳолига эга бўлган мамлакат сифатида, сув ресурслари билан таъминлаш борасида муаммоларга айниқса кўп дуч келади. Мамлакат эҳтиёжларини қоплаш учун зарур бўлган сув ресурслари ҳажмининг фақат 18% га яқини мамлакат ичида шаклланади, асосий қисми эса трансчегаравий дарёлар – Амударё ва Сирдарё ресурслари ҳисобига қопланади. Сўнгги вақтда сув тақчиллиги қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда чекловчи омилга айланмоқда.

Ҳозирги вақтда республикада сувдан фойдаланишнинг йиллик умумий ҳажми тахминан 55 км3 ни ташкил этади, шу жумладан суғориладиган деҳқончиликка тахминан 50 км3 сарфланади, шаҳар ва қишлоқ аҳолисини хўжалик-ичимлик суви билан таъминлашга эса тахминан 3,5 км3 тўғри келади.

Бу даражада катта эҳтиёж мавжуд бўлган шароитларда мамлакатда сув ва ер ресурслари сифатининг салбий ўзгаришлари қайд этилмоқда. Республикадаги суғориладиган ерларнинг анча катта қисмида шўр босиш, сизот сувлар сатҳининг кўтарилиши ва сув эрозияси, биологик турли -туманликнинг йўқолиши ва бошқа кўнгилсиз жараёнлар кузатилмоқда. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалигини ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларининг ривожланиш имкониятини чеклайди, қишлоқ аҳолисининг кам таъминланганлиги муаммосини кучайтиради.

Сувнинг сифати, аҳолининг саломатлиги ва турмушининг фаровонлиги ўртасида яқин алоқа мавжуд. Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қишлоқ ахолисининг моддий ахволи етарли сув билан таъминланганлик, хамда ерлар мелиоратив холатининг яхшиланиши билан боғлиқ экан. Суғориш тармоқдарининг юқори техник ҳолати, дренаж тизимининг самарадорлиги каналлар ва далалардан сув исрофгарчилигини, ва шу билан боғлиқ ерларнинг шўрланиши ёки ботқоқланиши каби салбий оқибатларнинг камайтиришга олиб келади.

Ўтган асрнинг 60–70-йилларида қурилган гидротехник иншоотларининг катта қисми реконструкция ва модернизация қилишни талаб этади. Хозирча, номуҳандислик типидаги суғориш тармоғи ва каналларнинг каттагина қисми бетон қопламага эга эмас, натижада суғориш тармоқларининг самарадорлиги паст бўлиб қолаётир. Натижада сув етказиб бериш жараёнлари мураккаблашмоқда ва сув ресурсларининг бекорга исроф бўлиши кўпаймоқда».

2. Сув ресурслари бўйича яқин келажакка қандай башоратлар қилинмоқда?

Р.А. Мамутов: «Сув ресурсларидаги бўлғуси ўзгаришлар асосан икки омил – иқлим ўзгариши ва инсоннинг хўжалик фаолияти билан белгиланади.

Иқлимнинг жадал исиши бутун Марказий Осиё минтақасида қайд этилмоқда. Исиш жараёнлари йилнинг ҳам совуқ, ҳам иссиқ қисмларида кузатилмоқда. Ўзбекистон ҳудудидаги кузатиш маълумотлари ҳам исиш жараёнлари барқарор эканлигини намойиш этмоқда. Ўзбекистон ҳудудида иқлим исиши ўртача суръатлари 1950-йиллардан бошлаб ҳар ўн йилликда 0.29°С ни ташкил этадики, бу ер юзидаги иқлим исиши суръатларининг ўртача кўрсаткичидан икки баравар кўп.

Ҳаво юқори ва паст температуралари такрорийлигининг ўзгариши ҳам иқлим ўзгаришининг минтақавий кўрсаткичи ҳисобланади. Масалан, Орол бўйида ҳарорат 40°С дан юқори бўлган кунлар сони икки баравар, Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида эса – ўрта ҳисобда бир ярим баравар кўпайган.

Республиканинг барча ҳудудларида ҳарорат паст бўлган кунлар сонининг камайиши ҳам қайд этилмоқда. Орол денгизи ҳавзасидаги дарёларнинг сус ресурслари ва уларнинг озиқ манбалари иқлим кўрсаткичларининг ўзгаришига ўта таъсирчандир.

Зеро иқлим исиши юз берганда, дарёлардаги сув оқимларига таъсир кўрсатувчи асосий омиллар қаторига қор захираларининг қисқариши, музликларнинг фаол эриши, дарёларнинг ҳавзаларида сув буғланишининг кўпайиши киради.

Шуни ҳисобга олиб, Ўзбекстон Республикасида иқлим ўзгариши бўйича тайёрланган Иккинчи Миллий Маълумот доирасида, шунингдек тоғ дарёлари оқимининг шаклланишини моделлаштириш асосида амалга оширилган сув ресурсларини баҳолаш натижалари, бундан буён ҳаво ҳарорати ошиши билан дарёларнинг сув оқимлари қисқариб боришини кўрсатди. Барча ҳавзаларда сув оқимлари ўзгарувчанлигининг кучайиши кутилмоқда, бироқ иқлим ўзгаришига Амударё ҳавзаси дарёлари, шунингдек кичик сув ҳавзалари айниқса таъсирчандир.

Олинган баҳолар ҳаво ҳарорати ва ёғингарчиликлар ҳажмининг ўзгариши узоқ муддатли истиқболда, 2050 йилга бориб, Сирдарё ва Амударё сув оқимларининг қисқаришига олиб келиши мумкинлигини кўрсатади. Бу даврда сув оқимларида кутилаётган тахминий ўзгаришлар Сирдарё учун меъёрнинг 2-5%, Амударё учун эса – 10-15% атрофида бўлади.

Бироқ ҳозирда мавжуд бўлган суғорма деҳқончилик вазиятида иқлим ўзгариши сув тақчиллигининг кучайишига ва қишлоқ хўжалиги учун қўшимча хавф туғдиради. Иқлим ўзгариши фавқулода ҳодиса – қурғоқчиликнинг такрорийлик ва таъсир даражаси ошишига олиб келиши кутилмоқда. Гидрологик қурғоқчилик кузатилаётган кам сувли йилларда сув ресурслари билан боғлиқ вазият янада оғирлашади.

Дарёлар сув ресурсларининг қисқариши XXI аср ўрталарида юз бериши мумкинлигига қарамай, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ҳозирги вақтдаёқ муҳим вазифалардан бири ҳисобланади».

3. Вазиятни яхши томонга ўзгартириш учун нима қилиш ва қандай чораларни кўриш зарур?

Р.А. Мамутов: «Биринчи навбатда, мавжуд сув ресурсларини оқилона ва тежамкорлик билан тақсимлашни ўрганиш жуда муҳимдир. Дарҳақиқат, мамлакатимиз шароитида «ҳар бир томчи сув аҳамиятга эга». Иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини бошқаришни мослаштириш чораларининг икки – миллий ва минтақавий даражасини фарқлаш лозим.

Аҳоли сонининг ўсиши, иқтисодиётнинг ривожланишини, шунингдек иқлим ўзгаришининг дарёлар режимига таъсири кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, республика ҳукумати сув ресурслари тақчиллигининг салбий оқибатларини енгиллаштириш учун кенг чоралар кўрмоқда.

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолини такомиллаштириш, сув захираларидан рационал фойдаланиш ва сувни асраш масалалари Президентимиз ва Вазирлар махкамасининг “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдалаиш ва сувниинг истеъмоли тартибини тасдиқлаш” (19 март 2013 йилдаги 82-сон қарори), “Томчилаб суғориш ва бошқа сув тежамкор технологияларни жорий қилиш ва молиялаштиришни самарали ташкил этиш тадбирлари” (21 июн 2013 йилдаги 176-сон қарори), “Сувдан махсус фойдаланиш ва истеъмол қилишга рухсат бериш тартибини тасдиқлаш” (14 июн 2013 йил 171-сон қарори) каби хужжатларида ҳар томонлама акс эттирилган

Республикада суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича жамғарма ташкил этилган, “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури” қабул қилинган. Зовур-коллектор тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва тиклашни ўз ичига олувчи ушбу тадбирларни амалга оширишга ҳар йили 100 млн. доллардан ортиқ маблағ ажратилади.

Буларнинг барчаси 750 минг гектардан зиёд суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ўта ва ўртача шўрланган ер майдонларини камайтириш, шунингдек сизот сувлар сатҳи пасайишига эришиш имконини берди. Бу эса, пировард натижада, қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги даражасига ва ҳар бир гектар ерда сувдан фойдаланишнинг кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатди.

Сўнгги ўн йил ичида халқаро молия институтларининг маблағлари ҳисобидан сув хўжалиги секторига суғориш ва зовур тизимларини тиклашга, сув хўжалиги объектлари ва насос станцияларини модернизация қилишга йигирмата йирик инвестиция лойиҳаси орқали 1,0 млрд. доллардан ортиқ маблағ йўналтирилди ва бу суғориш тизимларининг самарадорлигини кўтариш, гидротехник иншоотларнинг техник ҳолатини яхшилаш, бошқарув самарадорлигини ошириш ва суғориш учун йўналтириладиган сувни тежаш имконини берди.

Яқинда Президентимизнинг “2013-2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив холатини яхшилаш ва сув ресурсларидан рационал фойдаланишга қаратилган тадбирлар” га бағишланган фармонини (19 апрел 2013 йил, ,№ пп-1958 сон) амалга оширишга йўналтирилган вазирлар махкамасининг “2013-2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив холатини яхшилаш ва сув ресурсларидан рационал фойдаланишга қаратилган тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш учун қўшимча-чора тадбирлар” номли қарори қабул қилинди (24 феврал 2014 йил, 89-сон)

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Пахта, шоли ва беда сингари кўп сув талаб қиладиган экинлар ўрнига нисбатан кам сув талаб этувчи экинлар, масалан, дон ва полиз экинлари майдони кўпайтирилди, боғдорчиликни ривожлантириш суръатлари ошиб бормоқда. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида суғориладиган ерларнинг 50% дан кўпроғида пахта экилган, қолган ерлардан эса озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларни қондириш учун фойдаланилган бўлса, ҳозирги даврда суғориладиган деҳқончиликда пахта улуши 30% дан ошмайди, суғориладиган ерларнинг қолган қисмида аҳоли ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган дон экинлари, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилади ва ем-хашак ўстирилади. Бунинг натижасида қишлоқ хўжалик мақсадларига йўналтириладиган йиллик сув ҳажми 80-йиллар билан таққослаганда 64 млрд. м3 дан 51 млрд. м3 гача камайди.

Сув ва ер ресурсларини режалаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этади. Бу ерда мослаштириш бўйича асосий чоралар қаторига норматив-ҳуқуқий базани, сув ҳисобини юритиш ва сув сифатини бошқариш тизимини такомиллаштириш, гидро-экологик мониторингни, мавжуд суғориш тизимларининг техник ҳолатини яхшилаш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмол қилиш соҳасида институционал ривожланишни янада фаоллаштириш киради.

Аҳоли ҳам ўзининг ҳаёт учун муҳим сув ресурсига бўлган истеъмолчилик муносабатини ўзгартириши лозим. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида бир қатор ислоҳотларни амалга ошириш, сувдан фойдаланувчилар уюшмалари ва фермер хўжаликлари уюшмаларининг ўрни ва аҳамиятини кучайтириш, аҳолининг ер ва сув ресурсларини барқарор бошқариш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш долзарб аҳамият касб этади.

Мослаштириш бўйича миллий стратегияни самарали амалга ошириш сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш борасида мамлакатлар ўртасида кўприклар ўрнатишни тақозо қилади».

4. Сизнингча, ЎзР ҚСХВ ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Зарафшон дарёси ҳавзасида сув ресурсларини интеграциялашган бошқариш ва сувни тежаш режаси» қўшма лойиҳасининг ҳиссаси нимадан иборат?

Р.А. Мамутов: «Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, интеграциялашган бошқариш принципларини амалга жорий этиш иқтисодиёт турли секторлари ўртасида сув ресурсларини одилона тақсимлаш масалаларини атроф- муҳит манфаатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда ҳал этишга ёрдам беради.

Шуни эътиборга олиб, ҳукумат Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Зарафшон дарёси ҳавзаси учун СРИБ ва сувни тежаш режасини ишлаб чиқиш бўйича қўшма лойиҳасини амалга оширишни ўзининг махсус қарори билан маъқуллади. Ушбу лойиҳа келажакда Миллий режани ишлаб чиқиш учун андозага айланиши лозим. Шу сабабли биз учун бу лойиҳа мамлакат сув хўжалигида ижобий ўзгаришлар ясаш йўлида ташланган муҳим қадам бўлди.

СРИБ принципларини амалга жорий этиш оқим бўйлаб юқорида жойлашган мамлакатларга нисбатан бизнинг нуқтаи назаримизни, мамлакатимизда тартиб ўрнатилганини ва биз бу мамлакатларга қатъий асосларсиз талаблар қўймаслигимизни намойиш этиш йўли билан мустаҳкамлаш имконини беради.

Ушбу лоийҳа доирасида амалга оширилган фаолият сув ресурсларини бошқариш замонавий ва иқтисодий жиҳатдан самарали усулларини амалга жорий этиш имкониятларини намойиш этади. Ўз навбатида, улар минтақа даражасида пешқадамликни таъминлашга кўмаклашади ва қўшни мамлакатларда ҳам шунга ўхшаш чоралар кўрилишига туртки беради, шу тариқа қарорлар келишилган ҳолда қабул қилинишини таъминлайди.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси ишлаб чиқилди. Ўз-ўзидан равшанки, аниқ таърифланган сув тўғрисидаги қонун ёки кодекс сув билан боғлиқ ҳар қандай фаолият учун кенг кўламли қонунчилик базасини таъминлайди.

Лойиҳа институционал мувофиқлаштириш ва институционал самарадорликни яхшилашда СРИБнинг афзалликларини намойиш этди ва бу сув ресурсларини бошқариш жараёнини оптималлаштиришга ёрдам беради.

Лойиҳа фаолияти давомида режалаштириш ва қарорлар қабул қилиш жараёнига жамоатчилик ва барча манфаатдор томонларни жалб қилиш борасида ноёб тажриба олинди. Сувни тежаш ва уни истеъмол қилиш ҳажмларини камайтириш ҳисобига сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш амалиётлари синовдан ўтказилди.

Лойиҳа доирасида умумлаштирилган амалий тажриба ва илмий-назарий асослашлар, шу жумладан, сув хўжалиги инфратузилмасига инвестициялар тўғрисида янада асосланган стратегик қарорлар қабул қилиш имконини беради.

Биз ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёнида олинган билимлар ва тажриба вазирлик ва БМТ Тараққиёт дастурининг СРИБ миллий режасини ишлаб чиқиш борасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш учун яхши асос бўлиб хизмат қилишига умид қиламиз».

Р.А. Мамутов.
ЎзР ҚСХВ Сув хўжалиги бош бошқармаси
бошлиғининг ўринбосари


Янгиликларга обуна бўлиш

© 2024 EkoMaktab. All Rights Reserved.