«EKOMAKTAB» экология-ресурс маркази.

  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»
  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»
  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»

«Ўрмонлар ҳимоя кутмоқда»

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

« Катта Чимён » деб номланган улуғвор тоғ остонасидаги кўркам тоғ дараси спортчи-альпинистлар, туристлар билан бир қаторда, дам олиш мақсадида табиат қўйнига чиқадиган одамлар учун ҳам севимли жой ҳисобланади. Чимён тоғларининг табиий гўзаллиги мазкур ноёб ҳудуд бошига битган бало бўлди, десак, асло муболаға қилмаган бўламиз. Ушбу

табиий ҳудуд салбий таъсирлардан жабр кўрмоқда: дарахтларнинг ноёб турлари гулханлар ва ўтин тайёрлаш учун кесиб ташланмоқда, одамлар гиёҳлар ва гулларни термоқдалар, ёввойи ҳайвонлар ва қушларни овламоқдалар, ўзларидан кейин ахлат қолдирмоқдалар. Тоғ ёнбағирларида боқилаётган уй ҳайвонлари ёш ўсимликларни пайҳон қилмоқда. Умуман олганда, тоғ экотизими инсоннинг нодонлиги ва экологик маданиятнинг йўқлигидан жабр кўрмоқда, аста-секин завол топмоқда ва вайрон бўлмоқда.

2016 йил 22 майда Чимён дарасида «Чимён ўрмонларини тиклаш» жамоат экологик ташаббуси доирасида амалга оширилаётган «Ўз ўрмонингни эк» экологик тадбири ўтказилди. Тадбир Биологик ранг-баранглик халқаро кунига бағишланган, зеро, ўрмон, энг аввало, кўп сонли тирик жонзотлар учун УЙ, қолаверса, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси вакилларининг ўзаро алоқасига асосланган экотизимдир. Шу сабабли, тоғ экотизими ва ноёб ландшафтларни асраш учун биринчи навбатда тоғ ўрмонларини асраш ва тиклаш муҳимдир.

Экологик тадбир иштирокчилари тоғ ёнбағирларида Бурчмулла ўрмон хўжалиги томонидан тақдим этилган ёввойи олма кўчатларини ва «ИКАРДА» халқаро маркази томонидан тақдим этилган ёввойи писта кўчатларини экдилар.

«Чимён ўрмонларини тиклаш» жамоат экологик ташаббуси, мана, уч йилдирки, Ўрмон мутасаддилар кенгаши (FSC) мутахассисларининг иштирокида ва уларнинг мадади билан амалга оширилмоқда. Ўрмон мутасаддилар кенгаши (FSC)нинг мақсади бутун дунёда ўрмонларни масъулиятли бошқаришни илгари суришдан иборат.

22 майда жамоат экологик ташаббусига Тошкент Давлат аграр университети «Ўрмончилик ва экология» кафедрасининг талабалари, шунингдек «Ўзбектуризм» МК Республика илмий-ўқув консалтинг марказининг ходимлари қўшилганлари рамзий аҳамият касб этади. Зеро, мазкур ҳудуд ўрмонларни асраш билан профессионал даражада шуғулланадиган одамлар иштирокига муҳтож, шунингдек экологик туризм соҳасини ривожлантириш учун кенг имкониятларга эга. Шуни мамнуният билан қайд этиш лозимки, Ўзбекистонда экологик тадбирларга экологияга йўналтирилган бизнес ҳам қўшила бошламоқда. Бу сафар волонтёрлар сафларини "AZIYA JUICE GROUP" МЧЖ компанияси ходимлари тўлдирдилар, тадбир иштирокчиларининг кучларини Azimar Juice мазали табиий шарбатлари билан қўллаб-қувватладилар.

Угом-Чотқол Миллий табиий боғи ва Бурчмулла ўрмон хўжалиги ходимлари тоғ ўрмонларини тиклаш бўйича фаол иш олиб бормоқдалар, кўчатлар экиш мунтазам равишда амалга оширилмоқда, ўрмон парваришхоналари тўлдирилмоқда ва кенгайтирилмоқда, инспекторлар ўрмон ҳудудларини муҳофаза қилиш борасида фаолият кўрсатмоқдалар. «Чимён ўрмонларини тиклаш» жамоат экологик ташаббуси мазкур ҳудудда ўрмонларни асраш ва кўпайтириш борасида қўшимча ёрдам кўрсатади, шунингдек тарбиявий ва маърифий хусусият касб этади.

«Мазкур лойиҳа, мана, уч йилдирки, жамоатчилик кучлари билан амалга оширилмоқда. Лойиҳа жамоаси ўсмоқда ва ривожланмоқда, Чимён тоғ ўрмонларини асраш ишига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр бўлган кўп сонли ҳамкор ташкилотлар пайдо бўлмоқда. Бизнинг ишимизга салбий муносабатда бўлган субъектлар ҳам йўқ эмас. Бироқ, шунга қарамай, биз дарахт кўчатларини экишда давом этмоқдамиз», дейди «Чимён ўрмонларини тиклаш» лойиҳаси координатори Наталья Шивалдова. – Энди биз экиш учун материални танлашга янада масъулият билан ёндашмоқдамиз. Волонтёрлар билан эса кўчатларни экиш бўйича маҳорат дарслари ўтказмоқдамиз. Кўчатларни экиш ва уларни парвариш қилиш борасидаги ишларни ташаббускорларнинг катта гуруҳи амалга оширмоқда. Бу ишга Ғазалкент шаҳридаги «Яшил олам» экология-туризм гуруҳи аъзолари ҳам катта ҳисса қўшмоқдалар».

«Чимён ўрмонларини тиклаш» жамоат экологик ташаббусининг муҳим вазифаларидан бири тоғ ўрмонларини кесиш ва ноёб экотизимларни асраш муаммосига эътиборни жалб қилишдир. Ҳар бир хоҳловчи мазкур экологик ташаббусга қўшилиши ва тоғ ёнбағирларига дарахтлар экиш ёки ёш дарахатларни парвариш қилиш йўли билан унга ўз муносиб ҳиссасини қўшиши мумкин.

Ўрмон халқ хўжалигининг кўпгина соҳалари учун асос ҳисобланади. Фақат табиат ато этган неъматлардан оқилона фойдаланиш, ўрмонни мамлакатнинг туганмас манбасига айлантириш учун унга эгаларча ёндашиш зарур.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ўрмонларини сақлаш ва тиклашга бюджетдан кўп миқдорда маблағлар ажратмоқда. Аммо муваффақият даражаси маҳаллий аҳолига, табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари аҳоли билан доимий равишда олиб бораётган маърифий ишларга ва ҳар бир одамнинг бу ишда шахсан иштирок этишга бўлган рағбатига бевосита боғлиқ.

Баъзан шундай вазият юзага келадики, ўрмонларни тиклаш учун давлат пул маблағларини ажратади, аммо ўрмонларни тиклаш юз бермайди. Демак, ўрмон ресурсларини бошқаришга нисбатан ёндашувларни қайта кўриш ва уларда ниманидир ўзгартириш зарур.

Ўрмонларни бошқаришга нисбатан масъулият билан ёндашиш ўрмонларни FSC схемаси бўйича ихтиёрий сертификатлаш воситаси орқали рағбатлантирилади. Ўрмонларни сертификатлашнинг мақсади ўрмондан фойдаланувчилар ўрмон хўжалигини юритиш ва ўрмондан фойдаланишнинг, бир томондан, миллий қонунчилик талабларига, бошқа томондан эса – ўрмонларни барқарор бошқариш халқаро талабларига мос келадиган даражасига эришишларини таъминлашдир.

Муҳими шундаки, Ўзбекистон ўрмонларни FSC схемаси бўйича ихтиёрий сертификатлаш жараёнидан четда қолмаяпти ва аста-секин унга фаол қўшилмоқда.

Кристина Кузьмичёва


Янгиликларга обуна бўлиш

© 2024 EkoMaktab. All Rights Reserved.