«EKOMAKTAB» экология-ресурс маркази.

  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»

«Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури» вазифаларини амалга оширишда қўшимча таълимнинг инновацион имкониятлари.

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

"Баркамол авлод" Республика болалар ўлкашунослик ва экология маркази раҳбарияти томонидан минтақавий тематик семинар-тренинглар туркуми режалаштирилган бўлиб, улар экологик таълим соҳасида касбий алоқалар ва ҳамкорлик ўрнатишга, бу борада илғор тажриба алмашишга ва 2013 — 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит

муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурида белгиланган «барқарор ривожланиш мақсадларида таълим бўйича «Яшил мактаблар», «Мактаб маҳаллий кун тартиби-21», «Яшил истеъмолчи» ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш борасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг илғор тажрибаларини ўрганиш ва оммалаштириш» тадбирлари (IV боб, 54-банд)ни амалга оширишга қаратилган.

Қўшимча таълим услубий ходимларининг салоҳиятини кучайтириш, жойларда услубий хизмат тизимини ривожлантириш, тажриба алмашиш имконияти, ёш авлоднинг бўш вақтини ташкил этиш борасидаги энг яхши амалиётларни тизимга киритиш ва экология-ўлкашунослик борасидаги таълим фаолиятининг истиқболи порлоқ йўналишларини муҳокама қилиш – буларнинг барчаси семинар-тренингнинг кенг дастурига киритилди. Жиззах шаҳрида ўтказилган семинар-тренинг режалаштирилган тадбирлар қаторида биринчиси бўлди.

Яна шуни ҳам қайд этиб ўтиш муҳимки, мазкур тадбир табиатни муҳофаза қилиш ва таълим идоралари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги илк тажриба ҳисобланади. Мазкур семинарда Жиззах вилояти Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва Ўрмон хўжалиги Бош бошқармаси ходимлари фаол иштирок этдилар.

Семинар-тренинг иштирокчилари Қўшимча таълим тизимида ўқишни ташкил этиш, экология бўйича тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг айрим интерфаол усуллари билан танишдилар.

Теварак атрофдаги табиат объектлари ва табиий жараёнлардан кенг фойдаланиш, уларни экологик нуқтаи назардан ўрганиш муҳим ғоялар ва назарий билимларни таниш экология-ўлкашнуослик материалида ўзлаштириш, экологик аҳамиятга молик кўникмалар ва фаолият усулларини, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларида қатнашишга тайёрлик ва қодирликни шакллантириш имконини беради.

Семинар-тренинг секцияларида иш биргалашиб амалга ошириладиган аниқ тадбирларни ишлаб чиқишга бағишланди.

Семинарда биринчи секция 5 июнда нишонланадиган Атроф муҳитни муҳофаза қилиш бутунжаҳон кунига бағишланган экологик байрам режасини ишлаб чиқиш билан шуғулланди. Секция ишига Жиззах вилояти Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг етакчи ходими Комилжон Қаршибоев раҳбарлик қилди. Ўзаро боғланган кўп сонли байрам тадбирлари энг аввало ёш авлодга таълим ва тарбия бериш, одамларга қувонч ҳадя этиш, атроф муҳитга фойда келтиришга қаратилган.

«Кексаларни эъзозлаш йили»да ўтказиладиган экологик байрамнинг муҳим жиҳати шундаки, унда болалар ўз умрини табиатни муҳофаза қилиш ишига бахшида этган меҳнат фахрийлари билан учрашадилар.

Семинарнинг иккинчи секцияси қўриқхонага болалар экологик экспедицияси дастурини ишлаб чиқди. Бу экспедицияда фақат Жиззах вилоятининг «Энг яхши экологик лойиҳа» учун танловда ғолиб чиққан фаол ёш экологлари қатнашишлари мумкин. Зомин давлат арчазор-тоғ қўриқхонасига экспедиция режасини тузишда бош инспектор, ўрмончи Назар Омонов фаол иштирок этди. Мазкур тадбир табиатни муҳофаза қилиш ва бу борадаги маърифий фаолиятга болаларни янада фаол жалб қилиш учун замин яратади.

Болалар ва ёшлар учун жалб қилувчан лойиҳавий, ўйин, вазият-таҳлилий, ахборот технологиялари асосида ҳамкорликни ривожлантириш, улардан турли фаолият шаклларида фойдаланиш, табиатга фойда келтирадиган экологик байрамлар, экологик лагерлар, экологик сўқмоқлар ташкил этиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни тадқиқ қилиш, «Яшил мактаблар» ишини йўлга қўйиш ва ҳоказолар ҳозирги замон таълими ҳамда ёш авлоднинг бўш вақтини ташкил этишнинг ажралмас қисмига айланиши лозим.


Янгиликларга обуна бўлиш

© 2024 EkoMaktab. All Rights Reserved.