ХХI асрга келиб Ер шарида юзага келган ҳолат – Ердаги биологик хилма-хилликнинг кескин равишда камайиб боришидан далолат бермоқда. Бунинг натижасида, Биохилма-хилликни сақлаш – умумбашарий экологик муаммолардан бирига айланди.
Биохилма-хиллик нима?
Биохилма-хиллик – бу Ердаги турли туман ҳаётнинг хилма-хиллигидир.
Биохилма-хиллик деганда кўз олдимизга ўсимликлар, ҳайвонлар ва микроорганизмларнинг бой хилма-хил турфа олами келади.
Биохилма-хиллик ўз ичига қуйидагиларни олади.
- Генетик хилма хиллик;
- Турлар хилма-хиллиги;
- Экотизимларнинг хилма-хиллиги.
Генетик хилма-хиллик – Ер сайёрасидаги тарқалган организмларнинг генетик ахборот ҳажмини ўз ичига олади.
Турлар хилма-хиллиги - Ер сайёрасидаги тирик организм турларнинг турли-туманлигини ўз ичига олади.
Экотизимларнинг хилма-хиллиги – биосферадаги яшаш(ҳаёт) муҳитлари ва биотик жамоаларни турли хил туманлигини, кечаётган экологик жараёнлар хилма-хиллигини ўз ичига олади.
Олимларнинг фикрича, Ердаги таксономик жиҳатдан аниқланган турларнинг сони 13 миллионга яқиндир. Ҳозирги пайтгача, Ер юзида 1,75 миллион турлар аниқланган бўлиб, улардан 750000 – ҳашаротлар, 41000 – умуртқали ҳайвонлар, 250000 - ўсимликлар ташкил этади. Қолган турлар – мураккаб таркибдаги умуртқасиз ҳайвонлар, сув ўтлари, микроорганизмлар ва бошқа организмлардан иборат.
Ҳозирги кунда биз кўраётган биохилма-хиллик Ердаги ташқи ва ички табиий жараёнлар натижасида юз миллион йиллар давомида кечган мураккаб эволюция жараёнининг натижаси ва ҳосиласидир.
Сўнгги йилларда табиатда антропоген (шунингдек, техноген) таъсирнинг зўрайганлиги, экологик ўзгаришларнинг содир бўлаётгани ҳамда ўрмонлар (айниқса, нам тропик ўрмонлар) эгаллаган ҳудудларнинг ўрмонларнинг кесилиши натижасида қисқариши натижасида биохилма-хилликка путур етди, кўплаб ўсимлик ва ҳайвонот турлари бутунлай йўқолди ёки уларнинг сони кескин камайди.
Биохилма-хиллик бу сайёрамизнинг ҳаёт ресурсларини сақлаб қолиш демакдир.
БМТ маълумотларига биноан, Ер юзи аҳолиси тез кўпайиб бораётган бир пайтда, ҳайвонот дунёси 3/1 қисмга камайиб бормоқда.
Хусусан, 21 фоиз сут эмизувчилар, 30 фоиз судралиб юрувчилар, 12 фоиз қушлар, 17 фоиз акулалар ҳамда 27 фоиз кораллар Ер юзидан батамом йўқолиб кетиши мумкин. Айниқса, Европада индустриал ривожланиш туфайли қишлоқ хўжалиги ҳудудларидаги қушлар сони 40 фоизга, иқлим ўзгариши туфайли денгиз қушлари сони эса 44 фоизга камайган.
Бу маълумотларга қараганда биохилма-хиллик мисли қўрилмаган даражада камайиб бормоқда, ўсимлик ва ҳайвонот турларининг йўқолиш суръати ниҳоятда юқоридир.
Бунинг сабаблари сифатида – Атроф табиий муҳит ҳолатининг ёмонлашуви, Амазония ўрмонларининг йўқ бўлиб бориши ва қисқариши, кўллардаги чучук сув ҳажмининг камайиши, организмларнинг табиий яшаш (ҳаёт) муҳитининг йўқолиши, маржон рифлари экотизимининг бузилиши кўрсатилмоқда.
Катта экологик хавф туғдираётган сабаблардан бири – глобал иқлим ўзгариши ҳисобланмоқда. Иқлим ўзгариши кўпгина экотизимлардаги турларнинг хилма-хиллигига таъсир этмай қолмайди. Балиқларнинг овланиши (тахминан йилига – 100 млн.т.), ўрмонларнинг муттасил равишда кесилиши ва турли хил ўсимлик, ҳайвон турларининг қирилиб бориш тезлиги турларнинг такрор кўпайиши ва сонини, яъни популяцияни тиклаш қувватидан юқоридир. Бу ҳолат эса охир оқибатга турларнинг умуман йўқ бўлиб кетиш хавфини уйғотади. Антропоген таъсир натижасида рўй бераётган “ўрмонсизланиш” жараёни туфайли фақатгина 1990 йилдан 1995 йилга қадар Ер юзасидан 65 млн. гектар (га) ўрмон батамом йўқ бўлди.
БМТнинг Атроф муҳит бўйича ихтисослашган ташкилоти ЮНЕП маълумотларига қараганда 1995-2005 йиллар мобайнида ўрмонлар майдони йилига 13 млн. га камайиб борган. Мутахассисларнинг ҳисобига кўра, ҳозирги пайтда ҳар йили 11,1 млн.га тропик ўрмон кесилиб юборилмоқда (ҳар бир минутда 21 га).
Айниқса, нам тропик ўрмонлар - мураккаб табиат мажмуаси бўлиб, миллионлаб ўсимлик ва ҳайвон турларининг яшаш муҳити ва макони ҳисобланади. Ер иқлими айнан шу ўрмонларга боғлиқ бўлиб, уларнинг муттасил равишда кесилиб юборилиши атмосферадаги карбонат ангидрид - СО2 миқдорининг кўпайишига олиб келади ва “иссиқхона эффектини” вужудга келтиради. Сув ва углероднинг айланма ҳаракатида - ўрмонлар ўта муҳим ўрин тутади.
Ўрмонлар – экологик тизим инфраструктурасининг асосий элементи бўлиб одамлар ҳаёт ва фаолиятларининг шарт-шароитини белгилайди. Ўрмон товарлари ва хизматларига 1 миллиарддан ортиқ кишиларнинг фаровонлиги боғлиқдир. Ўрмонлар бетакрор экологик хизматларни қўрсатувчи табиий тизим бўлиб қуруқликда яшайдиган 80 фоиз биологик турларнинг яшаш макони, муҳити ҳисобланади. Бу эса ўз навбатида флора ва фауна билан боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларнинг барқарорлигини таъминлайди. Ҳозирги даврда кузатилаётган ўрмонларнинг юқори суръатларда кесилиши ва деградациясининг асосий сабаби - ёғоч маҳсулотига бўлган юқори талаб ҳамда ўрмон майдонларини деҳқончилик, чорвачилик эҳтиёжлари учун фойдаланиш туфайлидир. Ўрмонларга қирон келтирилаётган антропоген омиллардан яна бири бўлиб – ўрмон ёнғинлари ҳам ҳисобланади. Ёнғинлар ўрмоннинг табиий-экологик имкониятларига ниҳоят даражада ҳалокатли таъсир кўрсатиб ўз навбатида ўрмон экотизимини йўқ қилади. Бу офат туфайли атмосферага катта миқдорда кимёвий бирикмалар, айниқса углерод чиқарилади, тупроқнинг органик қисми ҳамда сувга катта зиён етказади.
Ўрмонлар – ўзаро алоқадор ва чамбарчас боғланган табиат компонетларнинг мураккаб табиий экологик тизими ҳисобланади. Мазкур табиат тизими ўзининг динамик мувозатлилиги, барқарорлиги, янгиланиш ва қайта тиклашнинг юқори қобилиялилиги, энергия ва модданинг алоҳида мутаносиб нисбати, кечаётган табиий жараёнларнинг турғунлиги ва географик боғлиқлиги билан тавсифланади.
Биохилма-хиллик туфайли юзага келаётган маҳсулотлар ва хизматлар кўламини тасаввур қилиш қийин. Турларнинг маълум тури ўта ҳаётий муҳимдир. Жумладан, инсонлар 7000га яқин ўсимликларни озиқ-овқат учун ишлатадилар, 90 фоиз жаҳон озиқ-овқат маҳсулоти 20 тур ҳисобига яратилади, шулардан 3 тури (буғдой, маккажўхори, шоли) озиқ-овқатга бўлган жаҳон аҳолиси эҳтиёжининг ярмисини қоплайди. Биологик ресурслар саноат ва тиббиёт учун муҳим хом-ашё манбаси ҳам ҳисобланади.
Охирги пайтда, инсоният ёввоий ўсимлик ва ҳайвон турларининг муҳим аҳамиятини англаб етди. Ёввоий турлар табиий экотизимларнинг узвий қисми бўлган ҳамда маълум ҳудудда тарихан таркиб топган тирик организмларнинг мажуаси – биотанинг узвий компоненти ҳисобланади. Табиий биота қишлоқ хўжалиги, саноат ёки тиббиёт учун табиий ресурс манбаси бўлиб дам олиш, ҳордиқ чиқариш каби рекреация, эстетик, илмий эҳтиёжларни қондириш ҳамда экобизнесни юритиш, ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади.
Географик зоналлик қонуниятига биноан биохилма-хиллик географик зоналар бўйича тақсимланган бўлиб, қутблардан экваторга томон организмларнинг хилма-хиллиги кўпайиб боради. Масалан, нам тропик ўрмонлардаги чучук сув ҳашаротлари сони мўътадил ўрмонлардаги чучук сув ҳашаротлари сонидан 3-6 баробар кўпдир. Лотин Америкасидаги нам тропик ўрмонлардаги 1 га майдонда 40-100 турдаги дарахт турлари учрайди. Ваҳоланки, Шимолий Американинг шарқий қисмида эса 1 га майдонда 10-30 дарахт турлари учрайди. Умуман олганда, Лотин Америкасида Ер шаридаги ўсимлик ва ҳайвон турларининг 40 фоизи жойлашган.
Биохилма-хилликнинг қуруқликдаги бундай қонунияти сув (денгиз) муҳитига ҳам хосдир. Масалан, Арктика сувларидаги асцидиялар тури атиги 100дан сал ортиқроқ бўлиб, уларнинг тропик сувлардаги тури эса 600дан ортиқдир. Вертикал зоналар бўйича эса баландлик ошган сари организмларнинг хилма-хиллиги ва сони камайиб боради. Бундай ҳолат денгиз, океанларда чуқурлик ошган сари организм турларининг хилма-хиллиги ҳамда турларнинг сони ҳам камайиб боради.
1992 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Атроф-муҳит ва ривожланиш” бўйича Халқаро анжуманида “Биологик хилма-хиллик тўғрисида Конвенция” қабул қилинган.
Биохилма-хиллик тўғрисида Конвенциянинг мақсади – сайёрамизда биохилма-хилликни сақлаш, унинг таркибий қисмларидан ва генетик ресурсларидан барқарор, адолатли ва тенг фойдаланишдир.
Ўзбекистонда биохилма-хилликни сақлашда қонун муҳофазаси остида олинган табиий ҳудудлар алоҳида муҳим ўрин тутади.
2004 йил 3 декабрда “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган. Мазкур Қонуннинг вазифаси - типик, ноёб, қимматли табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ирсий фондини сақлаб қолиш, инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсир кўрсатиши олдини олиш, табиий жараёнларни ўрганиш, атроф табиий муҳит мониторингини олиб бориш, экологик маърифат ва тарбияни такомиллаштиришдан иборатдир.
1998 йил 1 апрелда Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга қўшилган бўлиб бу борада ҳукуматимиз томонидан Биологик хилма-хилликни сақлаш Миллий стратегияси ва ҳаракат режаси ишлаб чиқилган бўлиб, Конвенциянинг муҳим тамойиллари Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги (26.12.1997й.), “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги (26.12.1997й.) ҳамда бошқа қонунларида ўз аксини топган.
Айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистондаги флора ва фауна таркиби, яъни биохилма-хиллиги – 27000 ўсимлик ва ҳайвонот турлари дунёсидан таркиб топган. Ўзбекистон фаунаси – яъни ҳайвонлар олами ўз ичига – 97 тур сутэмизутувчиларни, 424 тур қушларни, 58 тур ҳашаротларни, 83 тур балиқларни олади. Ўзбекистон флораси – ўсимликлар олами эса 4100дан ортиқ ўсимликларни ўз ичига олади.
Олимлар фикрича, Табиат – бу узун чамбарчас занжирдир, бинобарин ҳар бир ўсимлик ва ҳайвонот турининг йўқолиши Ер сайёраси экотизимини – Биосферани хавф остига қўяди. Ўз навбатида биохилма-хиллик - Биосферадаги модда ва энергия алмашувида кечаётган биогеокимёвий циклларнинг барқарорлигини таъминлашда асосий омил ҳисобланиб, Ердаги ҳаётнинг асосидир. Табиий экотизимлар хилма-хиллиги ўз навбатида ўсимлик ва ҳайвон турларининг турли-туманлигини таъминлайди ҳамда тупроқ сифатини яхшилайди, сув ва ҳавони тозалайди. Ҳар бир тур эса тегишли экотизимнинг зарур узвий элементи ҳисобланади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, биохилма-хиллик – ҳаёт мезонидир, уни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш бизнинг умумий манфаатимиздир. Бу жараёнда ёшларимизнинг атроф табиий муҳит мухофазаси йўналишдаги яратувчанлик, бунёдкорлик сифатларини намоён этиш ҳамда даҳлдорлик ҳиссиётини уйғотиш айниқса ҳозирги куннинг муҳим вазифасидир.
Султонов Рўзимуҳаммад