“Зилола”, “Лочин”, “Камалак”, “Мехрибонлик”, “Семурғ” . Бу сўзлар ўртасида қандай умумийлик бор?
Тахминингиз тўғри: бу Тошкент вилоятида жойлашган болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг номлари. Улар орасидаги яна бир умумийлик – бу оромгоҳда ёзги таътилини мароқ билан ўтказувчи болаларда унитилмас таассуротларни қолдирувчи бир-биридан қизиқарли, ранг-баранг тадбирларнинг ташкил этилишидир. Ана шундай тадбирлар “Ekomaktab” экологик ресурс маркази ҳамда “Яшил дунё” тоғ туризми клуби волонтёрлари ташаббуси билан ташкил этилди. Бу волонтёрлар нафақат пурвиқор тоғларни забт эта олишади, жўшқин дарёларнинг тўлқинларига бас келишади, балки фойдали, жамоат ишларига ҳам тез-тез қўл уришади.