Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг доимийлигини, муққаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир (И. Каримов).
Инсонлар ўзларини қуршаб турган табиий муҳитни «она табиат» деб атайдилар. Бу бежиз эмас. Одамзотга ўз бағридан жой берган; унинг яшаши, ишлаши, ҳордиқ чиқариши, тарихий такомили учун қулай шарт-шароит бўлиб хизмат қилган табиат башарият учун ҳам бешик, ҳам она вазифасини ўтаган десак, янглишмаймиз.
Ўзбек халқи қадим-қадим даврлардан бери табиатни севиб ардоқлаб келган. Кишиларимиз ўзларини яшаб турган муҳитининг бир бўлаги сифатида ҳис қилишга одатланганлар.
Аждодларимизнинг табиатни асраб-авайлаш, унинг ноёб бойликларини келгуси авлодларга кўпайтирб, бойитиб узатиш борасидаги мустаҳкам эътиқодлари, маънавий-ахлоқий тамойиллари оила орқали келгуси авлодларга сингдирилган.
Оила – инсоният даҳоси ихтиро қилган энг буюк кашфиёт, одам зоти учун энг азиз неъматдир. Оила – инсон туғилиб, вояга етадиган муқаддас макон, фарзандларнинг униб ўсар бўстони. Уларнинг бу бўстонда ўсиб улғайиши, камол топиши ва ривожланишига турли омиллар таъсир кўрсатади. Бу омилларни табиий фанлар тмзимида жонсиз (абиотик), жонли (биотик) ҳамда инсон (антропоген) омиллари тарзида фарқлаб кўрсатиш мумкин.
Оила маконида фарзадларнинг улғайиши ҳам жонсиз (абиотик), жонли (биотик) ва инсон (антропоген) омилларнинг таъсирлари остида бўлади.
Абиотик яъни жонсиз табиий омиллар. Абиотик омиллар ҳаво, сув, тупроқ, ернинг магнит майдони, ҳарорат, намлик, ёруғлик, товушлар сингари кўрсаткичларни ўз ичига олади. Бу омилларнинг турли даражада воқе бўлиши оила аъзоларнинг саломатлигига ижобий ёки салбий таъсир қилади. Абиотик омилларнинг гигиеник меъёрий ҳолатда бўлиши хонадонда ижобий муҳит яратади.
Тоза ҳаво, ёруғлик, покиза табиий тупроқ, тоғ ва адирликлар манзараси, сув ҳавзалари, табиат ҳодисалари оила аъзоларининг руҳиятига, кайфиятига кўтаринкилик бахш этади. Бу эса, ўз навбатида, оилада ақлий ва жисмоний ривожланиш учун қулай шарт-шароит – хурсандлик, хотиржамлик, бағрикенглик ўзаро муросада бўлиш иқлимини яратади. Шу аснода, оилада жонсиз табиат ҳадя этган неъматларни қадрлаш, асраб-авайлаш зарурлиги ҳақидаги бирламчи тушунчалар шаклланиб боради. Фарзандларда ҳавони, сувни, атроф-муҳитни тоза сақлаш масъулияти юзага келади.
Сув – тириклик боиси, ҳаёт манбаи. Хонадонларда сувни ҳуда-беҳуда оқизмаслик, уни тежашни ўргатиш билан бирга болаларга сув тўғрисида кенг маълумотларни бериш мақсадга мувофиқдир. Масалан: инсон танасининг 70-80 фоизи сувдан ташкил топгани; саломатлигимиз кўп жиҳатдан қандай сувни истеъмол қилганимизга боғлиқлиги; ичимлик сув табиатда ниҳоятда ноёб неъмат экани; совуқ сувнинг қисқа муддатли таъсири шифобахшлиги; ювиниш, чўмилиш тозалик ва саломатлик гарови экани; энг “шифобахш” сувлар – булоқ, табиий ҳавзалардаги, экологик тоза жойлардаги ёмғир ва қор сувлари экани фарзандларга бериладиган энг муҳим билимлар жумласига киради.
Табиий тоза сув ҳавзалар бўйига сайру саёҳатлар уюштириш, сувнинг кучи, сиру-синоати ҳақида ҳикоялар айтиб бериш алоҳида аҳамият касб этади.
Биотик омиллар. Буларга барча тирик нарсалар – ўсимлик, ҳайвонлар, микроорганизмлар киради.
Хонадонларда ва ҳовлиларда гул ўстириш, уй ҳайвонларини боқиш, оилавий равишда кўкаламзорлаштириш тадбирларида иштирок этиш, болаларни жонли табиат билан кенгроқ таништирувчи саёҳатлар уюштириш, уларда ўсимлик ва ҳайвонларга нисбатан эҳтиёткорлик ҳиссини тарбиялайди. Фарзадларимизни юқоридаги каби ишларга жалб этганимизда уларда ўсимлик ва ҳайвонлар барчамиз учун фақат хом-ашё, яшаш муҳитини ободонлаштирувчи воситалар бўлмасдан, инсон сингари тирик табиий мавжудот эканлиги ҳақида тассавурларнинг шаклланиши осон кечади. Бундай тарбия олган болалар улғайганда хеч қачон дарахтлар шохини синдирмайди ва қушларга тош отмайди. Биотик омиллар таъсирида экологик онг шаклланиши билан бир қаторда, эстетик ҳиссиётлар ҳам ривожлана боради.
Томорқаларда оила аъзоларининг ҳамкорликда ишлаши, мева-сабзавотлар етиштириши, гуллар ва ҳайвонларни парвариш қилиши оиладаги маънавий муҳитни соғломлаштиришга, оила аъзоларини жипслаштиришга, оиланинг моддий ҳолатини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Ота-оналар фарзандларига юқумли касалликларнинг манбаи бўлган турли микроб ва вируслар эканлигини тушунтириб, микроблар ифлос муҳитда кўпайиши, яхши ёритилган ва тоза хонадонларда барҳам топиши ҳақидаги билимларни англатишлари зарур.
Антропоген омиллар бу инсон фаолияти билан боғлиқ бўлган атрофдаги нарсалар ва воқеалар. Барча ижтимоий, жумладан оиладаги муносабатлар ҳам антропоген табиатга эга. Оила миқиёсидаги деярли барча нарсалар одам фаолияти таъсирида ўзгарган. Мебель, асбоб-ускуналар, китоб-дафтарлар, озиқ-овқат маҳсулотлари инсоннинг фаолияти иштироқида яратилганлиги ва унинг эхтиёжига мувофиқ қилинганлиги туфайли антропоген омилларга киради. Оила аъзоларнинг ўзаро муносабатлари ҳам ҳайвонлардан фарқ қилганлиги учун антропоген хусусиятга эга.
Боланинг ривожланишида антропоген омиллардан ота-онанинг саводхонлиги катта роль ўйнайди. Оила тутиш, уни бошқариш, турли жанжалларни олдини олиш, сабр-тоқатли бўлиш, оила обрўcини кўтариш учун оила аъзоларнинг саводхон бўлиши зарур.
Ота-она ҳеч бўлмаганда бола организми қандай ўсиши, ишлаши, инсон организми учун нима фойдали ва нималар зарар эканлигини, нималар жисмоний, ақлий ва маънавий юксалишнинг негизи эканлиги ҳақида элементар маълумотларни билишлари зарур. Бу оила аъзоларнинг соғлигини сақлаш ва фарзандларни тўғри тарбиялаш имконини кенгайтиради.
Оила – бир бирини қўллаб, бир-бирига самимий, холис ғамхўрлик қилувчи қондош, жондош кишиларнинг бардавом жамоасидир. Оила аъзоларнинг бир-бирови меҳрини қозонишга ҳаракат қилиши соғлом муҳит ва соғлом муносабатларнинг асосидир. Инсон учун оила жамоасида ва жамиятда уйғун ҳаёт кечириш табиат билан ҳамоҳанг яшаш каби муҳимдир. Бундай мувозанатга худбинлик негизида эмас, балки фидойи инсонпарварлик асосида эришиш мумкин.
Қариндош-уруғчиликда меҳру оқибат кўрсатиш, касал ва мухтожлар ҳолидан хабар олиб туриш сингари ҳаракатлар боланинг кўнглини юмшатади.
“Одамлар ўзингизга қандай муносабатда бўлишини истасангиз, уларга ҳам худди шундай муносабатда бўлинг”,– деган доно фикр энг аввало оилада сингдирилиши керак.
“Яхши ният – ярим мол»,–дейди халқимиз. Яхши ният, эзгу тилакда ҳикмат кўп. Шунингдек, ширин сўз, ўзаро ҳурмат ҳам оиладаги маънавий камолот негизидир.
Катталар ишда, кўчада гап ёки танбех эшитганда, иши юришмай қолганида бир-биридан ёки болаларидан «алами»ни олмаслиги керак. Бола ўзини оилада ортиқча, таҳқирланган ҳис қилмаслиги зарур.
Болани ўта эркалатиб юбориш, унинг барча истакларини бажо келтириш, инжиқликларини кўтариш ҳам тўғри келмайди. Фарзандларимизга у оиланинг тўла ҳуқуқли аъзоси эканини англатиш даркор. У оилада ўз ҳуқуқи ва бурчлари борлигини билиши лозим. Хонадонимизда боланинг ўз иш столи, китоблари, буюмлари, хонаси ёки, ҳеч бўлмаганда, бурчаги бўлиши муҳим.
Фарзанднинг хулқ-атвори ўзгарганда унга биринчи ёрдам берувчилар ота-она бўлиши зарур. Жисмоний касаллик бошлангунча болада ҳатто тажрибали шифокор англай олмайдиган, руҳий силжишлар рўй беради. Меҳрибон ва зийрак ота-оналар боланинг юриш-туришидан, хулқ-атворидан, кўринишидан фарзандидаги ўзгаришни сезадилар. Бу бирор касалликнинг яширин даври, боланинг бошқалар билан муроса қилолмаётгани, ҳатто зарарли одатларга ўргана бошлаган даври бўлиши мумкин. Ота-оналарнинг бундай вазиятларда болага меҳр ва эътиборни оширишлари, уни яхши кўришларини таъкидлаб кўрсатишлари, у билан дилдан самимий суҳбатлашишлари анчайин нохуш ҳолатларнинг олдини олиши мумкин.
Оиладаги муҳим антропоген жараёнлардан яна биттаси овқатланиш ва овқатдир. Оила аъзоларининг мунтазам равишда биргаликда чиройли безалган дастурхон атрофида йиғилиши, овқатланиши уларни ўзаро жипслаштиради. Бу одат ҳар бир аъзонинг оилада ўз ўрни борлиги ҳиссини ривожлантириб, фарзандларнинг ўз-ўзига бўлган ишончини мустахкамлайди.
Овқат кучли экологик омил бўлиб, организмнинг шаклланишида, жисмоний ва ақлий иш қобилиятининг ривожланишида катта аҳамиятга эга бўлганлиги учун, оилада овқат тайёрлаш ва овқатланиш жараёнида қуйида келтирилган тавсияларга эътибор қаратиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Булар:
а) овқат таркибидаги туз, шакар ва ҳайвонот ёғларини чеклаш;
б) кўпроқ ҳўл мева, сабзавот, кўкатларни истеъмол қилиш;
в) кеч соат 1800–1900дан кейин овқат емаслик;
г) шошмай овқатланиш; бу нафақат чала чайналган овқат зараридан, балки ортиқча ейиш туфайли келиб чиқадиган касалликлардан асрайди;
д) фақат очлик ҳисси пайдо бўлганда овқатланиш;
е) овқатланиш вақтида бошқа нарсаларга чалғимаслик;
ж) кўпроқ қайнатилган таомларни истеъмол килиш;
з) экологик ифлосланмаган мева-сабзавотларни истеъмол қилиш.
Оила муҳитида болаларнинг ривожланишига салбий таъсир этувчи антропоген омиллардан яна биттаси – бу гиподинамия, яъни кам ҳаракатланишдир. Хонадонлардаги қулай шароит, маиший хизматларнинг ривожи одамларнинг жисмоний ҳаракатланиш даражасининг камайишига олиб келди. Шаҳарда яшовчи болаларнинг ҳаракатлар фаоллиги меъёрлардан 2-3 марта кам бўлади ва бу ҳолат улар организмида ҳаракатга “тўймаслик” ҳолатини, яъни гиподинамияни келтириб чиқаради. Бунинг сабаблари унчалик узоқ бўлмаган масофаларга боришда транспорт воситаларидан фойдаланиш, дарс қилиш ва ўқиш жараёнларида узоқ вақт бир жойда ўтириб қолиш, телевизорни давомли кўриш кабилардир. Гиподинамия ҳолатида боладаги организмнинг меъёрий ўсиб ривожланиши, турли хил ноқулай омилларга бардошлилик каби хусусиятлари пасайиб, боланинг ўсиб ривожланиши кўнгилдагидек кечмайди. Шу муносабат билан болаларнинг умумий жисмоний фаоллигини максимал таъминлашга эътиборни қаратиш мақсадга мувофиқдир.
Энг муҳим антропоген омиллардан бири меҳнат – зарурий ижтимоий жараёнгина бўлмасдан, у биологик эҳтиёж ҳамдир. Ҳар қандай биологик эҳтиёжни қондирмаслик эса “сурункали эмоционал стресс”ни келтириб чиқариб, у организм учун ўта зарарли оқибатларга олиб келади. Одатда, болалар ёшлигидан катталарга кўмаклашиб, улар қилган ишларни қилишга ўзларида рағбат сезадилар. Турли ҳаракатли ўйинлар ҳам болаларда меҳнат малакаларини шаллантиришга ёрдам беради. Жисмоний меҳнат эҳтиёжга айланиб, болаларнинг ҳаракатга бўлган табиий эҳтиёжини ҳам қондиради, яъни гиподинамия ҳолатининг олдини олади. Қадимги Хитойда: “Бола 5 ёшгача подшоҳ, 12 ёшгача хизматкор, 12 ёшдан кейин дўст бўлсин”,–дея ўгит беришган. “Хизматкор” дейилганда, боланинг уй ишларидаги доимий фаол иштироки кўзда тутилган.
Ота-она болани меҳнат ва тартибга жалб қилиш орқали унинг жисмоний, ақлий ва маънавий камол топишига кўмаклашиб, уни оила ва жамият эҳтиёжларига ҳамоҳанг яшашга ўргатади.
Салбий таъсир этувчи антропоген омиллар (транспорт, телевизор, телефон ва бошқ.) таъсирида магнит ва шовқин тўлқинларининг ўзгариши, турли маиший чиқиндилар таъсирида тупроқ, сув, ҳаволарнинг ифлосланиши ва бошқалар киради. Шуниси энг ачинарлики, бундай воситалар, биринчи навбатда ўсаётган организмга таъсир қилади. Кўп йиллик экспериментал кузатувларимиз ва адабиётлардаги маълумотлар шуни кўрсатадики, бола қанчалик ёш бўлса, у муҳитнинг турли салбий омилларига нисбатан шунчалик таъсирланувчан бўлади. Болаларнинг компьютер, уяли телефонлар билан меъёрдан ортиқ вақт ўтказиши ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан салбий таъсирга эга экани ҳақида бугунги кунда жуда ҳам кўплаб адабиётлар мавжуд.
Ўзбек оиласига хос маданият, тартиб интизомда жуда кўп тарихий шаклланган анъаналар ётади. Лекин бугунги кунда табиат ва жамият ўртасида мувозанатнинг ўзгариши оилада фарзандларнинг ҳар томонлама камол топишида абиотик, биотик ва, айниқса, антропоген омилларнинг ўзига хос таъсир майдонига эга эканлигини кўрсатади. Оиладаги соғлом муҳит болаларни турли зарарли хавфли одатлар (чекиш, алкогол ва наркотикларни истеъмол қилиш, вақтни бекорга ўтказиш)дан асрайди. Оила аъзоларнинг бир-бирига бўлган эътибори ва оқибати болаларнинг ҳар томонлама камол топишида энг самарали воситадир.
Оиланинг турмуш тарзида экологик муносабатларнинг замонга қараб ўзгариши ҳаётий эҳтиёждир. Бу эҳтиёж болани ижтимоий ҳаётга тайёрлашнинг асосини ташкил этади. Оилада экологик малакаларни шакллантириш жамият ва табиат ўртасида уйғунликни сақлашда муҳим аҳамият касб этади.
Л.Кучкарова
билогия фанлари доктори, профессор
М.Ёқуббекова
филология фанлари доктори