«EKOMAKTAB» экология-ресурс маркази.

  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»

Сайғоқ нега оқсоқланди?

User Rating: 4 / 5

Star ActiveStar ActiveStar ActiveStar ActiveStar Inactive
 

Қорақалпоғистоннинг Устюрт текислигига навбатдаги рейдга чиққан “Сайгачий” мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси ходимлари қизиқ бир воқеа ҳақида маълум қилди.

Айтишларича, сайғоқлар яшаб қолиши учун ўзларининг барча имкониятларини ишга солмоқда. Қўриқхона ходимлари Устюртда учраган сайғоқлар тўдасига эгалик қилувчи сайғоқ такасининг жасур ҳаракатларини таҳлил қилиб, ана шундай хулоса чиқармоқда.

– Биз Устюртдаги белгиланган ҳудудга навбатдаги рейдга чиққандик, – дейди инспектор Байрам Утеулиев. – У ерда 10-11 бошдан иборат сайғоқларнинг кичик тўдасига дуч келдик. Улар машинани кўриши билан қоча бошлади. Аниқ бош сонини билиш ва тасвирга олиш учун уларни изидан пойладик. Бир вақт тўдадан така ажраб чиқиб, оқсоқланиб юра бошлади. Биз такага бирон кор ҳол юз бермадимикан деб, тутиб олиш учун машинадан тушиб изидан югурдик. Така ҳеч қаршилик кўрсатмасдан, оқсоқлаганича “кел, мени тут” дегандек, бизни кутар эди. Такани ушлаб, оёқларини текширдик. Лат емаган, аҳволи яхши. Фақат унинг кўзларидан қўрқув билан бирга тенгсиз жасоратни кўриш мумкин эди. У худди “ўлдирсангиз мени ўлдиринг, фақат оиламга тегманг” деб айтмоқчи бўлди, назаримизда. Биз така билан овора бўлиб турган пайтимизда тўда анча узоқлашиб кетган эди. Жонзотнинг аҳволини яхшилаб кўздан кечириб, унинг касал эмаслигига амин бўлгандан сўнг қўйиб юбордик. У анча масофагача яна оқсоқланиб юриб, бизнинг ноқонуний овчилар эмас, балки дўсти эканлигига ишонч ҳосил қилиб, кетган тўданинг изидан чопиб кетди.

Устюртда ўтган асрнинг 70-80 йилларида сайғоқлар сони 1 миллион бошдан ортиқ бўлган. Миграция пайтида бош сони кўп бўлган тўдалар оқиб келган ва қишлоқларгача кириб борган. Лекин шундай бўлса ҳам ноқонуний овчилар томонидан аёвсиз қирилган. Хитойда сайғоқ такаси шоҳининг нархи кундан кунга ошиб борган. У пайтларда сайғоқларнинг бош сони кўпайгандан сўнг уларни овлашга расмий рухсат ҳам берилган. Нукус дўконлари сайғоқ гўштлари билан тўлиб кетган. Гўштлар арзон нархларга ҳам ўтмай қолгандан кейин овчилар сайғоқларнинг фақат шоҳини кесиб, танасини ташлаб кетаверган. Шохидан айрилган, чала ўлик ҳолатдаги сайғоқларни Устюртнинг барча жойларида учратиш мумкин бўлган. Ўтган йили ўзимиз ҳам ушбу қўриқхонага ташрифимиз чоғида сайғоқларнинг шохи кесилган бошларини, кўплаб патрон қолдиқларини ва ҳаттоки пулемёт стволини ҳам топган эдик.

Ҳозирги кунда ҳам “Қизил китоб” га кирган ушбу жонзотни ноқонуний овлаш тўхтатилди, деб айтиш қийин. Чегара постларида сайғоқларнинг шохларига оид хабарлар ҳанузгача тарқалиб туради. Ўзбекистон билан Қозоғистон чегарасида ҳозирда сайғоқларнинг миграция даврида чегарадан ўтиши учун 12 километр жой очиқ қолдирилган, яъни тиканли сим олиб ташланган. Баъзи маълумотларга кўра, овчилар ана шу жойга келиб, очиқ жойдан ўтаётган пайтда сайғоқларни қирғинга учратиб келмоқда.

Мана шундай даҳшатли даврни бошдан кечирган табиатнинг ноёб жонзотларида одамзодга чексиз нафрат инстинкт сифатида шаклланган бўлса, не ажаб. Чунки сайғоқлар инсон факторини ўзига фақат хавфли санайдиган бўлиб қолган.

Сайғоқлар Шимолда кун совигандан кейин илиқ томонларга яъни Устюртга ноябрь ойларида келиб, май ойларида болалагандан сўнг яна Шимолга, яъни Қозоғистон даштларига ўтади. Улар асосан Устюрт саҳроларига кўпайиш учун келади. Сабаби, сайғоқларнинг кўпайиш мавсуми май ойининг дастлабки ҳафталарига тўғри келади.

Устюртлик Илёс Назарбоевнинг таъкидлашича, Устюртнинг Алмамбет, Дувона ва Белеули ҳудудлари сайғоқларнинг болалаш мавсуми учун қулай манзил. Чегарада симли тўсиқ ўрнатилгандан кейин сайғоқлар ўта олмай, ҚозоғистоннингАқтўбе вилояти даштларида туғиш мавсумида қолиб кетмоқда. Апрел-май ойларида у томонларда кун ҳали совуқ бўлади. Янги туғилган улоқлар ўпкасини совуққа олдириб қўяди.

Сайғоқлар бошига қанча қийин вазиятлар тушгани билан улар кўп йиллардан буён ўз авлодини сақлаб қолган жонзотлар сафига киради.

Сайғоқлар тўдаларини одатда такалари эмас, эчкилари бошлаб юради. Такалари уруғлантириш мавсумидан кейин тўдага кўп қўшила бермайди. Эчкилар болалайдиган пайтда улар алоҳида тўда бўлиб юради.

Зоолог олимларнинг аниқлашича, сайғоқларнинг яна бир ажабланарли хусусияти бор экан. Эчкилари дунёга келтирадиган улоқларининг эркак ёки урғочи бўлишини ўзлари тартибга солар экан. Агар ораларида такалар сони камайиб кетса, яъни уруғлантириб улгурмаётган бўлса, шу йилда тўдада эркак улоқлар сони кўпаяди. Сайғоқлар ана шу усул билан ўзларининг бош сони кўпайишини назоратга олиб туради. Сайғоқ ҳар йили камида иккитадан туғади. Урғочи улоқлар туғилгандан кейин 6 ой ўтгач кўпайиш қобилиятига эга бўлади. Улоқларга такалик қилиши учун эса 19 ой вақт керак.

Ноқонуний овчилик эркак сайғоқлар сони камайиб кетишига олиб келмоқда. Урғочи кийиклар сони такалардан бир неча баробар ортиб кетганлиги боис, битта такага 15 тадан 50 тагача эчки тўғри келади. Кўпайиш мавсуми 10 кун давом этади. Шунинг учун битта така баъзида бир кунда 17-18 та эчкини уруғлантиришга мажбур бўлади. Кўпчилик эркак сайғоқлар шундай ҳолатда зўриқиб ўлади ёки ҳолдан тойиб, тўдага эргаша олмай кичик йиртқичларга ем бўлади.

Кийиклар май ойининг 10-15 саналари оралиғида болалайди. Шу вақтда об-ҳаво айниб, Устюртда довул кўтарилиб, ёғингарчилик юз беради. Об-ҳавонинг бундай айниши эса сайғоқ болаларининг омон қолишига имкон яратади. Чунки қаттиқ шамол ва ёғингарчиликда ҳашаротлар бўлмайди. Янги туғилган улоқлар ярим соатдан кейин онасини эмиб, икки-уч соатдан кейин оёққа туради, икки кунлик улоқларни эса машинада ҳам қувиб етиш амри маҳол.

Яқин атрофда йиртқич борлиги сезилгудек бўлса, ота-оналари йиртқични чалғитиш учун боласидан нарироқда юради. Соатига 70-80 километр тезликда югурадиган сайғоқни ўлжага айлантириш осон эмас.

Табиатнинг барча қонунларини табиий инстинкт билан ўрганган улоқлар қошида онаси йўқ пайтида тириклигини сездирмай, жим ётади. Улоқларнинг териси ранги тупроқ билан бирдек кўринади. Икки-уч метрдан қарасангиз ҳам уни тупроқ уюми дейиш мумкин. Минглаб йиллардан буён йиртқичлардан ва одамлардан қочиб юриб, жон сақлашга ўрганган сайғоқларнинг яна бир таажжубланарли хусусияти – улар етим қолган улоқларни даштга ташлаб кетмайди. Хоҳлаган сайғоқ йўлидан чиққан улоқни эмизиб, ўзи билан эргаштириб олиб кетади. Ёш туққан сайғоқлар улоқларини ўн-ўн беш кунгача сув бошига олиб бормайди. Чунки хавфнинг деярли барчаси сув ичиш пайтида юз беради. Улоқлар икки ҳафтагача сут билан озиқланиб юради ва сўнг сувга бориши мумкин.

Устюртда сайғоқлар асосан тақирликка йиғилган сувлардан ичади. Май ойлари охирларида тақирлик сувлари сингиб ёки буғланиб кетади. Бу пайтда сайғоқлар шимолга қараб ўтиб кетган бўлади ва янги ўсган чўпларнинг суви билан чўлини қондириб кета беради. Ёғингарчилик кунлари ҳафталаб сув ичмайди. Қишда қор ейди, қорсиз кунларда эса муз ялайди. Тўдани сувга урғочи сайғоқ бошлаб келади. Аввал атрофга диққат билан қараб олади. Қолганлари “бошлиқ” нинг буйруғисиз сувга яқинлашмайди. Аввал бошлаб келган сайғоқ сувга интилади, кейин қолганлари ҳам кела бошлайди. Такалар эса энг охирида келади. Сайғоқ 1-3 минут ичида тез сув ичиб даштга ошиқиб қайтади.

Сайғоқлар чопилган емишни емайди, унинг тумшуғи фақат ўсиб турган ўтни узиб ейиш учун мўлжалланган.

Ҳозирда сайғоқлар фақат Мўғилистон, Қолмоқ, Қозоғистонда ва Ўзбекистон (Устюрт) саҳроларидагина сақланиб қолган. 2015 йилда Қозоғистон даштларида пастереллез касаллиги билан 130 мингдан ортиқ сайғоқлар қисқа вақт ичида қирилиб кетган.

2016 йилда Ўзбекистонда сайғоқларни сақлаб қолиш учун Мўйноқ ва Қўнғирот тумани ҳудудида, яъни Устюрт текислигида “Сайгачий” мажмуа буюртма қўриқхонаси ташкил қилинган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори билан Қўнғирот туманида “Жанубий Устюрт” қўриқхонасини ташкил этиш белгиланган.

Есимхон ҚАНОАТОВ


Янгиликларга обуна бўлиш

© 2024 EkoMaktab. All Rights Reserved.