«EKOMAKTAB» экология-ресурс маркази.

  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»
  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»

Оилада экологик тарбия сабоқлари.

User Rating: 5 / 5

Star ActiveStar ActiveStar ActiveStar ActiveStar Active
 

Юртимизда жисмонан ёш авлоднинг дунёга келиши ва ривожланиши учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. Соғлом турмуш тарзини шакллантиришни тоза атроф муҳитсиз, бошқача қилиб айтганда экологик хавфсиз табиий муҳитсиз бир ёқлама тасаввур этиб бўлмайди. Соғлом турмуш тарзи ҳамда атроф табиий муҳит бир-бири билан ўзаро чамбарчас

боғлангандир. Соғлом атроф табиий муҳит, табиий муҳитнинг тоза ва мусаффолиги болаларнинг соғлом ва етук вояга етишининг асосий омилларидан биридир.

Экологик муаммо тараққиёт, хавфсизлик, аҳолининг турмуши ва бевосита одамлар ҳаётининг давомийлигига таъсир кўрсатиб, айниқса аҳолининг энг ёш қисми бўлган болалар ҳаётига катта хавф солади. Сир эмаски, ифлосланган, заҳарланган атроф-муҳит биринчи навбатда ҳали ёш, энди ривожланиб шаклланиб бораётган организмга катта таъсир кўрсатади, унинг физиологик ва руҳий ривожланиш ҳолатига ҳам таъсир этмай қолмайди.

Айниқса, ҳозирги пайтда оилада экологик омил ва талабларга асосланиб соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалалари муҳим касб этмоқда. Бизнинг назаримизда, оила – оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, унга риоя қилиш ва тарғиб қилиш, зарарли одатларни олдини олиш, тоза мусаффо табиий муҳитни қарор топтиришнинг кичик ёрқин модели ҳисобланади. Оила аъзоларининг муносабати, хўжалик юритиш услуби, тартиб-қоидалари ва одат-кўникмалари - оиланинг қадриятларини белгилайди.

Кўп мингйиллик жамиятимиз тарихи шундан далолат берадики оилада маънавий-экологик қадриятларга ва унинг қарор топишига катта эътибор берилган. Охирги юз йилликда республикамиз экологик тизимига катта салбий таъсир етказилди, аждодларимизнинг табиатдан фойдаланиш борасидаги халқ удумлари ва анъанавий одоб-аҳлоқ қоидалари унутиб юборилди.

Халқимиз бой экологик маданиятга эга. Асрлар давомида шаклланиб келган бой миллий маънавий қадриятларимиз ва меросимиз шундан далолат берадики, ота-боболаримиз, аждодларимиз Она заминга ўзгача муносабатда бўлиб, сув, тупроқ, ҳавони қадрлаганлар. Табиат бойликлари ва унинг эҳсонларини асраб-авайлаб, улардан тежаб фойдаланганлар. Маънавиятимиз пойдевори ҳисобланган муқаддас ҳадисларда: “Енглар, ичинглар, исроф қилманглар”, дейилган. Исроф қилмаслик, увол, гуноҳ ва меъёр каби тушунчаларни яхши англаб етганлар ва кундалик турмуш фаолиятида уларга қатъий амал қилганлар.

Атроф-муҳитни, уйни, маҳаллани, кўча-куйни, шаҳар, қишлоқ, овулларни, бозорларни, ариқларни, ҳовузларни тоза, саранжон-саришта тутганлар. Бошқача айтганда, экологик маънавиятга, экологик қоида ва мезонларга тўла амал қилганлар. Дарахтзор, боғ-роғларни яратилганлиги ҳақида тарихимиздан кўплаб маълумотларни келтириш мумкин. Боғ яратиш санъатига халқимиз азалдан эга бўлган. Оилада фарзанд туғилса унга атаб дарахт экилган. Тирик жониворларга озор етказилмаган. Табиат билан уйғунликда ҳаёт кечиришган, яшаш муҳитига, табиатга нисбатан лоқайдлик, бефарқлик қораланган, ва пировард натижада табиат мувозанатини сақлаган.

Халқимизда яхши бир нақл бор “Атроф-муҳит тозалиги уйнинг остонасидан бошланади”. Ҳар бир хонадоннинг саришталиги, ободлиги унинг остонасида, кўча-куй, ҳовли-жойни тоза ва саранжом тутишда билинади. “Қуш уясида кўрганини қилади” деганларидек, ота-оналар болаларга табиат инъом этган ер ва сувни асраб-авайлаш, тупроқ ва ҳавони ифлослантирмаслик, ўсимлик-яшиллик оламини сақлаш ҳақидаги ўгитларни доимий равишда сингдиришлари ва уларнинг ҳаёт мезонига айлантиришлари талаб этилади. Болаларимизга, ўлкамиз учун тобора қадрли бўлиб бораётган ичимлик сувидан тежаб-тергаб фойдаланиш муносабатини шакллантириш айниқса, ўта муҳим масаладир.

Ер ва сув умуммиллий бойлик ҳисобланиб, халқ фаровонлигининг асосий манбаидир. Шу билан биргаликда, инсон саломатлиги ҳам миллат бойлиги ҳисобланади. Бинобарин, тоза ичимлик суви ҳар бир оиланинг соғлом ҳаёт юритишининг муҳим шарти ҳисобланади. Бугунги авлод ўсиб улғайиб инсонлар ҳаёти ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳақида ҳал қилувчи қарорлар қабул қилиши керак бўлади. Ота-оналар, катталар томонидан оилада болаларга бирламчи экологик маданият сабоқлари берилади. Табиатдаги содир бўлаётган ҳодиса ва ўзгаришларнинг бевосита ҳар бир кишининг саломатлигига, руҳиятига, кайфиятига таъсирини ота-оналар ўз болаларига астойдил тушунтирсалар, бу ўгитлар бола кўнглида муҳрланиб, нарса, ҳодисаларни билишга ҳамда оқилона ҳатти-ҳаракатларга риоя қилишларига уларнинг интилишлари ошади.

Авваломбор, болаларимизда экологик маданият сабоқларини шакллантиришда катталарнинг табиатга, атроф-муҳитга бўлган муносабати катта ўрин тутади. Ота-оналарнинг атроф-муҳит тозалигини сақлашга бўлган доимий эътибори, сайъ-ҳаракатларини кўрган ва ҳис қилган болалар, улар орқасидан эргашишга ҳаракат қилишади, улардан намуна ва ўрнак оладилар. Эрта баҳорда ҳовли ва кўчада оила даврасида биргаликда дарахт экиш, уни парвариш қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш, ҳовлини обод қилиш ҳар бир бола учун яхши намуна мактабини ўтайди ҳамда атроф-муҳитга бўлган эзгу ва бунёдкорлик муносабатини белгилашда замин яратади.

Кўкаламзорлаштириш жараёнларига жалб этилган болаларнинг ўз навбатида эстетик дунёқараши ва тафаккури кенгайиб боради, табиатдан, унинг бой хилма-хил рангларидан маънавий эстетик завқ олиши, табиатга ошнолиги кучаяди. Гулларни хуш кўрмайдиган боланинг ўзи йўқ. Хонадонимизда маданий гулларни кўпайтириш ва парвариш қилиш экологик тарбиянинг яхши унумли воситаси бўлиб, болаларнинг экологик онгини ривожлантиради. Хонадондаги гуллар, яшил ўсимликлар ўз навбатида ҳавони кислород билан таъминлаб болаларимизнинг тоза ҳаво билан нафас олишини таъминлайди. Айниқса қизлар гулларга ошно бўладилар, ўғил болалар эса тирик жониворларни парвариш қилишга мойил бўладилар.

Ота-оналар болаларнинг эрта ёшлигиданоқ бу мойилликларни аниқлаб, бу йўсинда иш олиб боришлари фарзандларининг дунёқарашини кенгайишига олиб келиб, яхши натижа беради. Болаларнинг мактабда олган табиат ҳақидаги билим ва сабоқларини ота-оналар уларга кундалик ҳаётда риоя қилишларини ва амалда татбиқ этишларини тушунтиришлари лозим. Фарзандларимиз муносабатида исрофгарчилик аломатларига асло йўл қўймаслик, уни олдини олиш, тежамкорлик ва тадбиркорлик хислатларини ёшлигиданоқ сингдириш зарур. Табиат туганмас хазина эмас, кўплаб табиат бойликлари тикланмайди.

Таъкидлаш ўринлики, болалик даври инсон ҳаётининг илк, беташвиш босқичи ҳисобланади. Болалар атроф-муҳит ва унда рўй бераётган ҳодисаларни англашга эмоционал-ҳиссий ёндашадилар. Бунинг натижасида уларда, аста-секин ҳодисалар моҳиятини ифодаловчи шахсий қараш, сифат ва мустақил муносабат шаклланиб, уларнинг руҳиятида сақланиб қолади. Табиатнинг кучли тарбиявий салоҳиятини ҳисобга олиб, оила билан биргаликда табиат қўйнига саёҳат уюштириш ўз навбатида болаларнинг кузатувчанлигини, ўраб турган табиий муҳитдан эстетик завқланишини, ҳамдардлик туйғусини, табиат қўйнида ўзларини қандай тутиш қоидалари ва одобини шакллантиришга, уларнинг соғлом, маънавий ва интелектуал ривожланишига ёрдам беради.

Ота-онасининг атроф-муҳитга ҳатти-ҳаракати болада қандай муносабат уйғотади? Ахлат ва чиқиндиларни дуч келган ерларга тўкиш, уни ёндириш, айниқса кузги хазонрезги даврда хазонларни ёқиб ҳавони булғайдиган нохуш ҳолатларига беиҳтиёр кўзимиз тушади. Энг ачинарлиси биз баъзан бу жараёнга болаларни ҳам тортмоқдамиз, шу каби ишларни уларга буюриб охир-оқибатда уларни бундай салбий ҳаракатларнинг бевосита иштирокчисига ҳам айлантирамиз. Ўз навбатида эса болалар катталар ҳаракатидан, муносабатидан ўрнак оладилар.

Болаларнинг атроф-муҳитга бўлган ножўя муносабатига ота-оналар муносабат билдиришлари ва бунинг салбий оқибатини тушунтириб, табиий муҳит тозалиги, ҳавонинг мусаффолиги аввалом бор бизнинг саломатлигимиз, ҳаётимиз барқарорлигини таъминлашини астойдил ўқтиришлари лозим.

“Тоза муҳит бу соғлом ҳаёт муҳити” қоидасини оиланинг турмуш тарзи ва дунёқараши, кундалик зарурияти, амалий кўникмаси ва ҳаётий эҳтиёжига айлантириш зарурдир. Болада соғлом турмуш тарзининг илк қоидаларини шакллантиришда ота-оналар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, унинг тозалигини сақлаш, сув, ҳаво ва тупроқни ифлослантирмаслик, улардан тежамкорлик билан фойдаланиш ҳар биримизнинг қонуний ҳам инсоний бурчимиз эканлигини ҳаётий мисолларига таяниб астойдил ўқтиришлари лозим.

Бинобарин, ҳозирги бозор иқтисодиёти даврида ер, сув, табиий газ ва бошқа ресурслардан оқилона, самарали ва тежамкорлик билан фойдаланиш оиланинг даромади ва фаровонлигига таъсир этишини болалар билишлари фойдадан ҳоли бўлмас.

Дунё ҳамжамияти олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳозирги ва келажак авлод учун тоза, соғлом, хавфсиз атроф-муҳитни яратиш масаласи ҳисобланади. Барқарор ривожланиш заминида айнан ҳозирги ва келажак авлодлар манфаати – болалар, фарзандларимиз манфаати, уларни хавф остига қўймаслик, улар учун тоза, соғлом ва хавфсиз атроф-муҳит ва фаровон ҳаёт яратиш масаласи турганлигини айтиб ўтиш жоиз.

Табиатга яқинлик, она заминга муҳаббат, жонажон ўлканинг гўзалликларидан баҳраманд бўлиш болаларни маънавий-руҳий жиҳатдан бойитиб нафис дидини шакллантирди ҳамда муқаддас замин ўз она-юртининг фаровонлиги ва табиатининг мусаффолиги тўғрисида қайғуришни ўзларининг бурч ва масъулиятли эканликларини юраклари билан ҳис этадилар. Табиатни муҳофаза этиш, уни бойликларини авайлаш ва ундан оқилона фойдаланишни даврни ўзи талаб этиб, барчамизни табиатга янада эътиборлироқ ва масъулиятлироқ бўлишга ундамоқда.

Шундан келиб чиқиб қуйидагиларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир:

- болаларимизда атроф-муҳитга бўлган даҳлдорлик муносабатини шакллантириш, уларда масъулият ҳиссини уйғотиш ва тарбиялаш, табиат ресурсларидан – ер, сув, энергиядан, барча хом-ашёлардан эҳтиёткорлик, тежамкорлик ва сарҳисоблик билан фойдаланиш, яъни уволга йўл қўймаслик кўникмаларини уларнинг кундалик ҳаётида сингдиришимиз, бу ҳатти-ҳаракатларда шахсий намуна амалларини кўрсатиш;

- болаларизнинг маънавий-маърифий тарбиясига асосий урғу бериб, уларда юксак инсоний фазилат, атроф-муҳитга бўлган муносабатнинг яратувчанлик, бунёдкорлик ва обод этиш сифатларни қарор топтириш орқали экологик маънавиятни ва табиатга бўлган янги қарашни шакллантириш;

- оила муҳитида тоза ичимлик сувидан самарали фойдаланиш маданиятига қатъий амал қилиш ҳар бир оила аъзоларининг ажралмас фазилатига айланишини;

- оилада боланинг соғлом турмуш ва экологик одобини ҳар томонлама шаклланишига, сув, тупроқ, ҳавони ифлослантирмаслик, ўсимлик ва ҳайвонот оламининг ранг-баранглигини сақлашга ўз ҳиссасини қўшиш, унга бўлган ғамхўрлик сифатларини қарор топишига, бефарқлик аломатларини олдини олиш, шахсий экологик позициясини тарбиялашга эътиборни қаратиш;

- болаларимизда экологик ҳуқуқнинг бирламчи куртакларини, яъни атроф табиий муҳитга бўлган ўз фуқаровий бурч ва мажбуриятларини англаб етишларига, экологик хавфсиз муҳит инсонларнинг соғлом ҳаёт кечиришларига ҳамда санитария экологик ҳолатининг яхшиланишига замин бўлишини тушунтириб бориш;

- болалар томонидан турли ҳаётий вазиятларда қарор қабул қилаётганларида, албатта атроф-муҳит ҳолатини эътибордан чиқармасликни ва уни ҳисобга олиш зарурлигини, боланинг атроф-муҳитни тоза сақлашда кўрсатган амалларини ота-оналар доимий равишда қўллаб-қувватлаши ҳамда табиатга қилинган ножуя ҳатти-ҳаракатнинг қандай салбий оқибатларга олиб келишини ўқтириб бориш;

- фарзандларимизни бўш вақтларида бевосита табиат қўйнида, ҳайвонот ва ўсимлик оламининг турли туман эканлигини англаши, ранг-баранг гўзалликларидан уларни баҳраманад қилиш борасида имкон қадар биргаликда табиат қўйнига саёҳатлар уюштириш. Зеро, биз ота-оналар, устоз-мураббийлар ва барчамиз болаларимизнинг баркамол инсон бўлиб вояга етишига ва уларнинг ўз она заминини нақадар асраб-авайлашга қодир эканлигига жавобгармиз.

Рўзимуҳаммад Султонов


Янгиликларга обуна бўлиш

© 2024 EkoMaktab. All Rights Reserved.