Инсонни атроф-муҳит ва уни ўраб турган табиат билан муносабати асосий экологик муаммолардан биридир. Инсон яшаш жараёнида атроф-муҳитга доимо ўз таъсирини ўтказмоқда. Айниқса, бугунги кунда бу таъсир жуда сезиларли бўлиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Ер юзида ахоли сонининг тез суръатлар билан ўсиб бориши натижасида, аҳоли эҳтиёжларини
таъминлаш ҳамда қондириш учун ишлаб чиқариш корхоналари сонининг муттасил ошиб бориши, табиий ресурсларни кўплаб ишлатилиши, транспорт воситалари сони ва турларининг кўпайиб бориши кузатилмоқда. Бунинг оқибатида, инсонни атроф-муҳитга аёвсиз таъсирида табиатдаги антропоген ўзгаришлар кўлами кенгайиб бормоқда.
Хозирги кунда республикамиз иқтисодиёти учун малакали эколог-мутахассисларни тайёрлаш борасида Тошкент давлат техника университети - энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири айланди. Университетда 45та йўналиш бўйича бакалаврлар, 66та мутахасислик бўйича магистрлар тайёрланади. Атроф муҳит муҳофазаси кафедрасида “Экология ва атроф муҳит муҳофазаси” (5630100) йўналиши бўйича бакалаврлар ва “Атроф муҳит муҳофазаси (Саноат корхоналари бўйича)” (5А630101) мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрланиб, Университет барча техник олий ўқув юртлари учун экология фани, бакалавр ва магистратура мутахасислиги бўйича таянч олийгоҳи хисобланади. Янги классификаторга биноан кафедра томонидан “Экология ва атроф муҳит муҳофазаси” (5630100) йўналиши, “Атроф муҳит муҳофазаси(Саноат корхоналари бўйича” (5А630101), “Саноат чиқиндиларини тозалаш(рекуперация)” (5А630103) мутахассисликлари бўйича давлат таълим стандартлари, намунавий ва ўқув режалари ҳамда мутахассислик фанлар бўйича намунавий ўқув дастурлари ишлаб чиқилган.
Жумладан, Университет таълим жараёнига ишлаб чиқариш корхоналардаги мавжуд экологик масала ва муаммолар инобатга олиниб умумкасбий, ихтисослик фанларига қуйидаги атроф табиий муҳит муҳофазасига оид фанлар киритилган:
1) Экология;
2) Сув кимёси ва микробиология асослари;
3) Токсикология;
4) Атроф муҳит кимёси;
5) Умумий кимё технологияси;
6) Табиатдан фойдаланиш асослари;
7) Чиқиндисиз технология асослари;
8) Корхоналарни атроф муҳитга таъсирини баҳолаш;
9) Саноат чиқиндиларини тозалаш технология асослари;
10) Атроф муҳит сифати анализи ва мониторинги;
11) Экологиянинг ҳуқуқий асослари;
12) Лойихалаш асослари ва экологик экспертиза;
13) Маиший ва саноат чиқиндиларини йиғиш ва сақлаш тизимлари;
14) Асосий ишлаб чиқаришлар технологияси ва саноат экологияси;
15) Саноат катализи;
16) Кимёвий ишлаб чиқаришни асосий жараёнлари ва аппаратлари;
17) Метрология, стандартлаштириш ва сертификатлаш(экология соҳасида)
18) Саноат ва экологик хавфсизлик;
19) Корхонада атроф муҳитни бошқариш (Экологик менежмент).
Тайёрланаётган мутахассиснинг ҳар томонлама етук билим, малака ва кўникмаларга эга бўлиши мақсадида Давлат таълим стандарти ва ўқув режаларида математик, табиий-илмий, умумкасбий фанлари киритилган. Мутахассислар ишлаб чиқариш талабларига жавоб бериши учун улар саноат чиқиндиларини – газсимон, суюқ ва қаттиқ чиқиндиларни тозалаш, зарарсизлантириш технологияси ва қайта ишлаш усулларини тўлиқ билиши, корхоналарда экологик норматив хужжатларни ишлаб чиқиш тажрибасига, атроф-муҳит объектларида мониторинг олиб бориш ва кимёвий таҳлилларни ўтказиш малакасига эга бўлиши лозим.
Шу билан бир қаторда, Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси таълим йўналиши бўйича битирувчилар қуйидаги компетенцияларни эгаллайдилар.
Умумий малакавий компетенциялар:
- интеллектуал, маданий, маънавий, жисмоний ва касбий ўз-ўзини ривожлантириш ва такомиллаштириш қобилиятига эга бўлиши ва бу қобилиятни амалда қўллай билиши;
- тарихий мерос ва маданий анъаналарга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиши, ижтимоий ва маданий фарқларни толерантлик билан қабул қилиши;
- тарихий жараённи юритувчи кучларни ва унинг қонуниятларини тушуниши; тарихда зўравонлик ва зўравонлик қилмасликнинг роли, тарихий жараёнда, жамиятнинг сиёсий тузилмасида инсоннинг ўрнини тушуниши;
- ўзининг шахсий дунёқараши орқали ижтимоий ва шахсий каби аҳамиятга эга бўлган муаммоларни тушуниши ва уларни таҳлил қилиши;
- ўз фаолиятида меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдалана билиши;
- ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрлар ва мажбуриятларни ҳисобга олган ҳолда мақсадга эришишда қатъият кўрсатиши;
- фикрлаш маданиятини эгаллаган бўлиши, оғзаки ва ёзма нутқини аргументланган ҳолда аниқ баён қилиш қобилиятига эга бўлиши;
- эгалланган тажрибани танқидий кўриб чиқиш қобилияти, зарур бўлганда ўз касбий фаолиятининг тури ва характерини ўзгартириши;
- ҳаёт фаолияти хавфсизлиги шароитларини умумий баҳолашга қобил бўлиши, ишлаб чиқариш ходимлари ва аҳолини бўлиши мумкин бўлган авариялар, ҳалокатлар, табиий офатлардан ҳимоя қилиш асосларини ва шикастлашнинг замонавий воситаларини қўллаши, улар оқибатларини бартараф қилишнинг асосий тадбирларини қўллай билиши;
- касбий фаолиятда табиий-илмий фанларнинг асосий қонунларидан фойдаланиш, математик таҳлил ва моделлаш, назарий ва экспериментал тадқиқот усулларини қўллаш қобилиятига эга бўлиши;
- бугунги замонавий ахборот технологиялари даврида жамиятнинг ривожланишидаги ахборот технологияларининг моҳияти ва аҳамиятини тушуниш, бу жараёнда вужудга келадиган хавф ва таҳдидларни англаш, информацион хавфсизликнинг асосий талабларига, жумладан давлат сирини ҳимоя қилиш талабларига, риоя қилиш қобилиятига эга бўлиши;
- интернет тармоғидан ахбротларни олиш, сақлаш, қайта ишлашнинг асосий усуллари ва воситаларига эга бўлиши, ахборотни бошқариш воситаси сифатида компьютер билан ишлаш кўникмаларига эга бўлиши;
- глобал компьютер тармоқларида маълумотлар билан ишлаш қобилиятига эга бўлиши;
- сўзлашувдан кам бўлмаган даражада битта хорижий тилни эгаллаган бўлиши;
- бўлиши мумкин бўлган авария, ҳалокат,, табиий офатлар оқибатларидан ишлаб чиқариш ходимлари ва аҳолини ҳимоя қилишнинг асосий усулларига эга бўлиши;
- мустақил равишда жисмоний тарбия ва соғлиқни мустаҳкамлашдан услубий тўғри фойдаланиш воситаларини эгаллаган бўлиши, тўлақонли ижтимоий ва касбий фаолиятни таъминлаш учун жисмоний тайёргарликнинг керакли даражасини эгаллашга тайёр бўлиши керак.
Умумкасбий компетенциялар:
- касбий фаолиятда атроф-муҳит муҳофазаси ва бошқаришнинг жаҳон андозалари шакллари ва усулларини тадбиқ қила олиши;
- тозалаш иншоатлари ва жиҳозлардан фойдаланишнинг замонавий усулларини қўллаш қобилиятига эга бўлиши;
- илғор экологик тоза ва хавфсиз технологияларни, усулларни ва атроф табиий муҳит компонентларини муҳофаза қилиш техникалари борасида илмий салоҳиятга эга бўлиши;
- бажарилаётган тадқиқотлар мавзуси бўйича фаолиятнинг ишлаб чиқариш ва технологик масалаларини фан ва техниканинг замонавий ютуқларини ҳисобга олган ҳолда касбий ечиш қобилиятига эга бўлиши;
- инсон соғлигини ва унинг ишчанлик қобилиятини сақлаш бўйича ҳамда меҳнат жараёнида хавфсизликни таъминлаш бўйича методика ва тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш қобилиятига эга бўлиши;
- ишлаб чиқаришда меҳнат хавфсизлиги бўйича мутахассисларга қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш қобилиятига эга бўлиши керак.
Илмий-тадқиқот фаолиятида:
- ишлаб чиқариш корхоналарида ажралиб чиқадиган чиқиндиларни зарарсизлантириш, тозалаш ва қайта ишлаш технологияларини яратиш, кам чиқиндили экологик безарар технологияларни ишлаб чиқиш;
- атроф муҳитни муҳофаза қилиш иншоатлари ва қурилмаларидан фойдаланиш ва уларнинг самарадорлигини оширишнинг асосий усулларини билиши;
- ўз фикр идеяларини ифодалашни билиш ёки мунозара объекти сифатида альтернатив гипотезаларини қўллаш, илмий ва маълумотнома адабиётлари билан ишлай билиш қобилиятига эга бўлиши;
- Интернет тармоғида энг янги илмий, конструкторлик, технологик ва эксплуатацион ютуқлар ҳақидаги маълумотларни мақсадга йўналган ҳолда қидириш ва топиш қобилиятига эга бўлиши;
- илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш жамоаси таркибида (тайёрланганлик профилига мос равишда) касбий фаолият масалаларини ечиш қобилиятига эга бўлиши керак.
Лойиҳавий-конструкторлик фаолиятда:
- саноат чиқиндиларини тозалаш ва зарарсизлантириш ускуналарининг лойиҳалари сифатини баҳолаш, тозалаш иншоатларини ишлатиш, экологик экспертизани ўтказиш, экологик меъёрлаш лойихаларини бажариш, оқилона лойиҳаларни танлаш методологиясини билиши;
- бажарилаётган тажриба-конструкторлик ва амалий ишлар мавзуси бўйича математик, информацион ва имитацион моделларни ишлаб чиқиш ва тадқиқот қилиш қобилиятига эга бўлиши;
- лойиҳавий ва дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш қобилиятига эга бўлиши;
- саноат чиқиндиларини тозалаш ва зарарсизлантириш ускуналарининг ишчи параметрлари ва ишчанлик қобилиятини аниқлаш бўйича синовларни ўтказиш қобилиятига эга бўлиши;
- амалиётда информацион технологияларнинг халқаро ва касбий стандартларини, замонавий парадигма ва методологияларни, инструментал ва ҳисоблаш воситаларини (тайёргарлик профилига мос равишда) қўллаш қобилиятига эга бўлиши керак.
Йиғиш-созлаш ишларида:
- саноат чиқиндиларини тозалаш иншоатлари, жихозлари ва уларнинг тизимларини йиғиш ва ишга тушириш бўйича ишларни режалаштириш ва бажариш қобилиятига эга бўлиши керак.
Фойдаланиш ва сервис хизмати кўрсатиш ишларида:
- саноат чиқиндиларини тозалаш иншоатлари, жиҳозлари ва уларнинг тизимларидан фойдаланиш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатишни ташкил этиш қобилиятига эга бўлиши;
- саноат чиқиндиларини тозалаш иншоатлари, жихозлари ва уларнинг тизимларини техник хизмат кўрсатиш намунавий технологик жараёнларини ишлаб чиқиш ва қўллаш қобилиятига эга бўлиши;
- саноат чиқиндиларини тозалаш иншоатлари, жихозлари ва уларнинг тизимларини фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатишни ташкил қилиш қобилиятига эга бўлиши;
- саноат чиқиндиларини тозалаш иншоатлари, жихозлари ва уларнинг тизимларини синаш ва диагностика қилиш ҳамда уларни ишлатиш қобилиятига эга бўлиши керак.
Ишлаб чиқариш-технологик фаолиятда:
– намунавий технологик жараёнларни ишлаб чиқиш ва уларни қўллаш қобилиятига эга бўлиши;
- илмий ва амалий фаолиятда автоматлаштирилган тизимларнинг инструментал воситалари ва муҳитларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш қобилиятига эга бўлиши;
- касбий этика кодексига риоя қилиш қобилиятига эга бўлиши керак.
Ташкилий-бошқарув фаолиятда:
- ишлаб чиқариш фаолияти сифатини бошқариш жараёнларини ишлаб чиқиш ва тадбиқ қилиш қобилиятига эга бўлиши;
- ишлаб чиқариш жараёнларини амалга ошириш учун зарур бўлган ишлаб чиқариш жараёнлари ва ресурсларини режалаштириш қобилиятига эга бўлиши;
- информацион технологиялар тизимини яратиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш жараёнлари мониторинги ва сифатини баҳолаш усуллари ва механизмларини ишлаб чиқиш қобилиятига эга бўлиши;
- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги талабларига мос келиши борасида ишлаб чиқариш жараёнларини назорат қилиш қобилиятига эга бўлиши;
- муҳандислик ва конструкторлик ечимларини амалиётга тадбиқ қилиш қобилиятига эга бўлиши;
- ишлаб чиқариш жараёнида сифатни бошқариш қобилиятига эга бўлиши;
- ижрочилар жамоаси ишини ташкил қилиш қобилиятига эга бўлиши;
- фикрлар ҳар хил бўлган шароитда бошқарув қарорини қабул қилиш қобилиятига эга бўлиши;
- бирламчи конструкторлик, технологик ёки ишлаб чиқариш звено ишини ташкил қилиш ва уни бошқариш қобилиятига эга бўлиши;
- бажарилаётган иш режасини тузиш ва бу ишни назорат қилиш, ишни бажариш учун зарур бўлган ресурсларни режалаштириш, ўз ишининг натижаларини баҳолаш қобилиятига эга бўлиши;
- ишлаб чиқариш жараёнларининг атроф-муҳитни ва меҳнат хавфсизлигини назорат қилиш тизими талабларига мослигини мониторинг қилиш қобилиятига эга бўлиши керак.
Шу билан бир қаторда тайёрланадиган мутахассислар атроф-муҳит муҳофазаси бўйича мустақил таълим, ижодий-тадқиқот ва изланишлар натижасида ўқув фаолиятидаги замонавий педагогик усул, восита ва шаклларни эгаллаш қобилиятига эга бўлиши талаб этилади.
Ҳозирги кунда, олий ўқув юртлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари ҳамкорликда инновацион гуруҳларининг ташкил этилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, университетнинг Атроф муҳит муҳофазаси кафедраси томонидан ишлаб чиқариш корхоналари, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда инновацион гуруҳлар ташкил этилган. Бажарилаётган илмий ишлар, амалий тадқиқотлар, талабаларнинг малакавий битирув ишлари ва магистрлик диссертациялар мавзулари бевосита ишлаб чиқариш корхоналарининг ечимини кутаётган экологик масалалари асосида шакллантирилади. Талабалар ишлаб чиқариш корхоналари технологик жараёнига жалб этилиб амалий-тадқиқот ишларини олиб борадилар. Инновацион гуруҳнинг ўқув-илмий мавзулари базасига саноат корхоналарининг чиқинди газларини зарарсизлантириш, тозалаш, оқава сувларини тозалаш, қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлаш каби масалалар киритилади. Ушбу база асосида талабалар ўзларининг малакавий битирув ишлари ва магистрлик диссертация мавзуларини танлаш имкониятига эга бўлишади, бу эса ўз навбатида ўқув-амалиёт жараёнида олиб борилаётган ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишларнинг савияси ва салохиятини доимий равишда такомиллаштиришга ҳисса қўшмоқда.
У.А.Сафаев, к.ф.н.,доцент
Тошкент давлат техника университети,
Атроф муҳит муҳофазаси кафедраси мудири