Ўзбекистонда ҳеч қачон бўлмаган одам кўпинча уни ўрмонсиз, чўлу биёбондан иборат мамлакат деб ўйлайди. Аммо Ўзбекистонда ҳам ўрмонлар – тоғ, қайир ва чўл ўрмонлари бор. Ҳа, ҳатто чўлларда ҳам ўрмон ўсади.
Ўзбекистонда ўрмонлар кўп эмас, мамлакат ҳудуди умумий майдонининг атиги 7% ўрмонлар билан қопланган. Ўрмонлар майдонининг озлиги ва мамлакат ҳудуди бўйлаб нотекис тақсимлангани уларни мамлакатнинг авайлаб асраш ва барча имкониятларни ишга солиб кўпайтириш лозим бўлган ноёб бойлигига айлантиради.
2014 йилда Ўзбекистон «FSC-жума» халқаро тадбирига биринчи марта қўшилди ва МДҲ мамлакатлари учун “Менинг қадрдон ўрмоним” ёшлар танловини фаол қўллаб-қувватлади. Ўзбекистонда «FSC-жума» форматидаги тадбир «Ekomaktab" жамоат ташкилоти томонидан ташкил этилди. Мазкур экологик тадбирни "Баркамол Авлод" Республика болалар ўлкашунослик ва экология маркази, Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича Республика инспекцияси, Бурчмулла ўрмон хўжалиги, Ўзбекистон Тоғ туризми ва альпинизм федерацияси, «Яшил олам» экология клуби, «КЛАСС!» ва «Молодёжь Узбекистана» газеталарининг таҳририятлари ҳам қўллаб-қувватлади.
“Менинг қадрдон ўрмоним” ижодий танлови эълон қилингани ва унинг шартлари ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, «Баркамол Авлод» мактабдан ташқари таълим тизими орқали август ойида тарқатилди. Ташкилотчилар олдида яна бир вазифа турарди. Ўзбекистондаги ўрмонларнинг турлари тавсифланган буклетни қисқа муддат ичида тайёрлаш, уни фотосуратлар билан безаш ва минтақаларга юбориш талаб этилар эди.
27 сентябрда бутун мамлакат бўйлаб, «Баркамол Авлод» мактабдан ташқари таълим тизимининг барча марказларида ўрмонни муҳофаза қилишга бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Ҳар бир педагогга ўз минтақасида ўсадиган ўрмон билан таништириш усулини мустақил танлаш ҳуқуқи берилди. Болалар ўрмонлар ва дарахтларнинг турларини олдиндан ўрганиб, ижодий лабораторияга фаол тайёргарлик кўрдилар.
Масалан, саксовул баргсиз дарахт эканлиги, қайирлардаги ўрмонларда ўсадиган мажнунтоллар ва тўранғилар орасида бухоро буғуси ва қамишзор мушуги ниқобланиш яшаши аксарият болалар ва айрим ўқитувчилар учун чинакам кашфиёт бўлди.
«FSC билан жума» тадбири доирасида энг яқин ўрмонга қизиқарли экскурсиялар, шунингдек табиат қўйнида «Мен ўрмон расмини чизаман» маҳорат дарслари ўтказилди. Масалан, Бухоро шаҳар 2-сон гимназияси ўқувчилари ноёб қўриқхона ҳудуди – «Жайрон» экомарказига ташриф буюрдилар. Бу ерда қўриқхона ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан чўл ҳудудида саксовулзорлар ва юлғунзорлар сақланиб қолган.
Тошкент вилоятида мактаб ўқувчилари тоғ ўрмонлари ўсадиган Угом-Чотқол миллий табиий боғига экскурсияларда иштирок этдилар. Тоғ ёнбағирлари арча, ёнғоқ, дўлана, писта, бодом, қайин дарахтлари билан нотекис қопланган. Бу ўрмонлар уй ҳайвонларини меъёридан ортиқ боқиш ва рухсатсиз кесишлардан қаттиқ жабр кўрмоқда. Тоғ ёнбағирларида боқиладиган қўйлар ва эчкилар бу ерда ниш урган бирон-бир майсани қолдирмайди ва шу тариқа ўрмонни тиклашга имкон бермайди. Ўсимликлар билан мустаҳкамланмаган тоғ ҳудудида кейинчалик ер ўпирилиши, сел келиши, кўчки сингари шикастли табиий ҳодисалар содир бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Тоғ туризми ва альпинизм федерациясининг бир гуруҳ аъзолари жамоатчилик эътиборини мазкур муаммога қаратишга қарор қилдилар. Уларни «Яшил олам» экология клуби ва «Ekomaktab» экологик-ресурс маркази волонтёрлари қўллаб-қувватладилар. Сентябрь ойининг охирида Угом-Чотқол миллий табиий боғининг тоғ ёнбағирларида игнабаргли дарахтларнинг кўчатларини экиш тадбири ўтказилди. Кўчатлар Бурчмулла ўрмон хўжалиги томонидан тақдим этилди ва Оҳангарон ўрмон хўжалигидан сотиб олинди. Парваришхоналар ўрмонларда жойлашган, шу сабабли кўчатлар тоғ ҳудудида ўсиш шароитларига яхши мослашган.
«FSC-жума» тадбири чинакам яшил «тўлқин»ни пайдо қилди ва у ўрмонни муҳофаза қилиш учун экологик ташаббусларни фаоллаштирди. Айни вақтда мавжуд муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Ўзбекистонлик ташаббускорлар экология борасидаги ташаббуслар «тўлқини» янада мавж уради ва ўрмонларимизнинг муҳофазаланганлик даражасини оширади, деб умид қиладилар.