«EKOMAKTAB» экология-ресурс маркази.

  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»

Ўйинчоқ душман.

User Rating: 5 / 5

Star ActiveStar ActiveStar ActiveStar ActiveStar Active
 

Ўйинчоқлар ва бошқа кўпгина болалар буюмлари болажонларимизни соатлаб ўзига жалб этиши мумкин. Тўғри танланган ўйинчоқ тасаввурни ривожлантиради ва кўпинча таълим олиш жараёнида муҳим биринчи қадамни ташлашга рағбатлантиради. Аммо болалар учун маҳсулотлар баъзан заҳарли металлар манбаси бўлиб чиқиши ҳам мумкин, айниқса,

уларни ишлаб чиқариш тегишли равишда тартибга солинмаса ва қонун талаблари амалда лозим даражада қўлланилмаса.

«Болалар учун маҳсулотларда заҳарли металлар» деб номланган тадқиқот доирасида Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Украинада сотувда бўлган турли хил болалар маҳсулотлари, асосан ўйинчоқлардан олинган 569 намуна ўрганилди. Тадқиқот натижалари истеъмолчилар ўз болалари учун маҳсулотлар харид қилишда онгли танлашни ўрганишларига қаратилди. Бундан ташқари, натижалар истеъмол товарларини тартибга солиш тизимини такомиллаштиришига эришиш назарда тутилди. Намуналарни тестлаш текширилган ўйинчоқларнинг 30% да тадқиқотда аниқланган заҳарли металлардан ҳеч бўлмаса биттаси мавжудлигини кўрсатди. Ўйинчоқларда қўрғошин, симоб, маргимуш ва сурма сингари заҳарли металлар барча ақлга мувофиқ меъёрлардан ортиқ нисбатларда мавжудлиги аниқланди.

Заҳарли кимёвий моддалар таъсиридан касалланган болалар сони кўпайиб бормоқда. Бола организмининг заҳарли моддаларга ўта таъсирчанлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шифокорларига ҳам яхши маълум. Болалар фақат «кичик катталар»гина эмас. Уларнинг организми ҳали ривожланмаган ва уларда детоксикация тизимлари норасо ҳолатда. Хавфли кимёвий моддаларнинг болаларга таъсири уларнинг катталарга таъсиридан анча фарқ қилади. Бундан ташқари, болаларга таҳдид солувчи хавфлар ҳам кўпроқ, чунки улар тананинг вазн бирлигига нисбатан кўпроқ овқат ва суюқлик истеъмол қилади. Қўлига тушган буюмларни, шу жумладан ўз ўйинчоқларини оғзига солиш болалар учун одатдаги бир ҳолдир. Бу – табиий хулқ-атвор, аммо болалар ўз ўйинчоқларидан зарарланмасликлари керак.

Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларида ўйинчоқларнинг хавфсизлиги ва улар таркибида мавжуд кимёвий моддалар ҳақидаги маълумотлар етарли эмас. Болалар учун маҳсулотларнинг кимёвий таркиби ҳар хил ва ёрлиқлар ёки тегишли норматив талаблар йўқлиги туфайли номаълум бўлиши мумкин. Баъзан заҳарли моддалар ўйинчоқларда маълум заҳарлар ҳисобланишига қарамай мавжуд бўлади. Кимёвий моддаларнинг сурункали таъсиридан жиддий зарар кўрилиши мумкинлиги боис, маҳсулот ишлаб чиқаришда ва бошқарув қарорларини қабул қилишда эҳтиёт чоралари бош мезонга айланиши лозим. Бозорда мавжуд болалар маҳсулотлари тўғрисида ахборот олиш болаларни муҳофаза қилиш йўлида ташланган биринчи қадам ҳисобланади.

Ўйинчоқлар ишлаб чиқариш – бу катта бизнес. 2007-2010 йилларда жаҳон ўйинчоқлар бозори қарийб 5% га ўсди ва 78,1 млрд. АҚШ долларидан 83,3 млрд. АҚШ долларига етди. Ўйинчоқларнинг аксарияти (миллионлаб ўйинчоқлар) Хитойда, кўпинча йирик ғарб ва япон компанияларининг лицензияларига мувофиқ ишлаб чиқарилади. Мазкур тадқиқотни ўтказиш жараёнида Арманистон, Беларусь, Россия, Украинада ва Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатларида ясалган ўйинчоқлар ҳам топилди.

Ҳозирги вазият ўйинчоқлар ишлаб чиқариш устидан назоратни янада қаттиқлаштиришни тақозо этади. Болалар маҳсулотлари таркибида йўл қўйиладиган заҳарли металлар миқдори меъёрлари янада қатъий белгиланиши ва уларга сўзсиз риоя этиш таъминланиши лозим. Акс ҳолда биз беихтиёр фарзандларимиз келажагини хавф остида қолдирамиз.

Ота-оналарга маслаҳат – ўз фарзандингиз учун нима сотиб олаётганингизга яхшироқ эътибор беринг. Ёрқин бўёқлар, димоқни кесадиган ҳид сизни сергаклантириши лозим. Болангиз овқатни чинни ёки сопол идишда есин. Ўйин учун эса унга қўғирчоқни халқимизнинг энг яхши анъаналарида – ип газламадан ўзингиз тикиб беринг.


Янгиликларга обуна бўлиш

© 2024 EkoMaktab. All Rights Reserved.