Табиат-инсон-жамият-иқтисодиёт тизимининг ягоналиги ва ўзаро боғлиқлиги: назарий асосларнинг қисқача мазмуни. Ер сайёраси табиати мавжуд бўлган барча нарса, ходиса, жараёнларнинг ягона моддий асоси бўлиб, унда, энг аввало, жамият, сўнгра инсон ва иқтисодиёт табиатнинг бир қисми ҳисобланади. Бундай яхлитлик уларнинг ғоят хилма-хиллиги
бирлигида ўз ифодасини топади. Табиат қонунлари жамиятда ва иқтисодиётда тўла намоён бўлади, чунки жамият “Табиатдан ташқарига сакраб чиқиб кета олмайди”. Инсон ўз ақл-заковати, фан ва техника туфайли қанча қудратга эришмасин, у барибир Ер сайёрасидаги тирик моддаларнинг таркибий қисми, биосферанинг компоненти бўлиб қолаверади.
Шу сабабдан жамиятда ва иқтисодиётда одамларнинг ҳаракатлари табиат қонунларига қанчалик мос бўлса, бу ҳаракатлар ҳам жамиятда, ҳам иқтисодиётда шунчалик муваффақиятли бўлади, аксинча, улар табиат қонунларига қанчалик зид бўлса, мос келмаса, улардан жамият оладиган самара ҳам охир оқибатда шунча кам бўлади. Бунда кўпинча қисқа муддатли даромад орқасидан қувиш кишиларни табиат қонунлари ва имкониятлари билан етарли ҳисоблашмасдан табиатдан “интенсив фойдаланиш”ни давом эттиришга мажбур қилишининг кенг тарқалганлигини ҳам айтиш керак. Аниқ равшанки, табиат ривожланишининг энг муҳим қонунларига жамият ва иқтисодиёт бўйсунади, айнан шу ҳолатдан амалиётда кенг фойдаланиш зарур.
Табиат (жамиятни хам қўшиб) яхлит тизим бўлиб, унда содир бўладиган барча жараён, ҳодисалар ўзаро мураккаб тарзда чатишиб кетган ва бири бошқасини тақозо этади. Табиат хилма-хиллик кўплигининг яхлитлиги бўлиб, улар ўзаро таъсирдаги чексиз миқдордаги аниқ шаклларни ўз ичига олади. Барча даражада намоён бўладиган табиатнинг асосий қонуни - мазкур моддий тизим ва уни ўраб турадиган ташқи шароитнинг бирлиги қонуни хисобланади. Бу қонун жамиятга ва иқтисодиётга нисбатан уларнинг географик муҳит билан узвий бирлигида намоён бўлади.
Биз биламизки, табиат ўзининг қудратли ҳимоя механизмларига, ўзини-ўзи такрор тиклаш (ва ишлаб чиқариш) ва тартибга солувчи ривожланиш воситаси ва салоҳиятига эга. Булар эса, ўз навбатида, мунтазам содир бўладиган хилма-хил модда ва энергия алмашинишининг доимий мувозанатини таъминлайди.
Инсоният “Табиатдан ташқарига сакраб чиқиб кетиш”га ва табиат қонунларини ўзгартиришга қодир эмаслиги, улар объектив бўлиб инсон иродасига бўйсунмаслиги сабабли, одам ўзининг ҳаёти ва фаолиятида табиат қонунларига амал қилишга мажбур. Айнан шу ҳолат мазкур қонунларни тўлиқ билишни талаб этади. Асосий масала дунёни илмий билиш ва тушуниш бўлиб, инсон шу асосида глобал фикрлаш ва ўйлаш, маҳаллий даражада ҳаракат қилиш ва ишлаш зарурлигини тўғри тушунади. Лекин бу аниқ хақиқатни тўғри тушуниш, ҳаттоки илмий муҳитда хам жуда секин бораётганини афсус билан таъкидлаш ўринли бўлади.
Бунинг асосий сабаби кишилик жамиятининг узоқ тарихи мобайнида асосан антропоцентризм ғоясига амал қилганлиги ва унинг устунлиги ҳамда доимий равишда амалга оширилиши ҳисобланади. Антропоцентризм инсоннинг табиатда барча соҳаларда устунлиги ва табиат қонунларига бўйсунишдан озод эканлиги ғоясига асосланади. Унда дунёнинг қуйидаги иерархия (босқичли) тасвири асос қилиб олинади: эхромнинг (пирамида) чўққисида инсон, ундан пастда - инсон яратган ва унга хизмат қиладиган буюмлар, яна пастроқда турли табиат объектлари туради. Табиат инсоннинг мулки деб эълон қилинади. Табиат билан ўзаро таъсирнинг асосий мақсади у ёки бошқа амалий эҳтиёжларини қондириш, яъни маълум “фойдали маҳсулот” олиш учун табиатдан “фойдаланиш” ҳисобланади. Булар “прагматик императив” – инсон ва инсониятга нима фойдали бўлса, у тўғри ва унга рухсат берилади шаклида амалга оширилади. Табиат ривожланишининг келажаги эса инсон ривожланиши жараёнига бўйсунган йўналишда бўлиши кераклиги ғояси устуворлик қилади (Дерябо, Ясвин, 1996).
Антропоцентризм ғоясининг амалга оширилиши, бир томондан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларининг тез ўсиши ва уларнинг табиатнинг эволюцион ривожланишидан анча ошиб кетишига, бошқа томондан эса, инсоннинг табиатга таъсири маълум бўлган барча геологик жараёнлардан хам устун бўлишига олиб келди. Оқибатда инсон табиий равишда биосферада ўзи эгаллаган ва яшайдиган экологик жой чегараларини бошқа жонли табиат аъзолари ҳисобига чексиз кенгайтирди, ишлаб чиқаришни ривожлантириш жараёнида эса биосферанинг кўплаб параметрларини сезиларли ўзгартирди. Ҳозирги вақтда табиатда қарор топган биогеокимёвий цикллар тезлиги бузилди, табиатнинг ифлосланиши ва емирилиши, иқлим ўзгариши содир бўлаётир, геонофонд тузилмаси ва таркиби ўзгараётир, озон қатлами қалинлиги камаймоқда, музликлар эриб, океан сув сатҳи кўтарилмоқда, биохилма-хиллик ва ўрмон майдонлари камаймоқда, дарёларнинг қуриши кузатилаётир ва бошқ. Охир оқибатда антропоген фаолият таъсирида табиатда содир бўлаётган салбий глобал ўзгариш инсоният мавжудлигини жиддий хавф хатарга солмоқда.
Табиат билан жамият ўртасидаги бундай халокатли зиддиятдан чиқишнинг ягона чораси, В.И.Вернадский фикрига кўра, Ер юзида ноосферани барпо этишдан иборат. Ноосфера, яъни “ақл қобиғи” биосфера тарихидаги янги босқич бўлиб, унда биосферанинг ривожланишида ҳозир мавжуд бўлган табиий жараёнлар ва табиатга антропоген таъсирнинг стихияли кечишидан табиат ва жамиятнинг ўзаро мос ва мувозанатли ривожланишига ўтиши ҳал қилувчи роль ўйнайди. Инсон ва биосферанинг ривожланиши тўхтовсиз ўзаро алоқада ягона тўғри йўл - табиат ва жамият коэволюциясида давом этади. Бунда ғолиблар хам, бир томоннинг ҳукмронлиги ҳам мавжуд бўлмайди, табиатга ва унинг ресурсларига истеъмолчига хос муносабат бартараф этилиб, оқилона муносабат қарор топади, ва, умуман, экоцентризм ғоясини амалга ошириш асосий ўринни эгаллайди. Экоцентризм эса, ўз навбатида иқтисодиётни экологик талаблар асосида ташкил этиш ва ривожлантиришга, яъни экология иқтисодиётига асос бўлиб хизмат қилади.
Экоцентризм ғоясининг асосий мазмуни қуйидагиларни ўз ичига олади: инсон ва табиатнинг ўзаро мос ривожланиши олий қадрият ҳисобланади; инсон табиатнинг эгаси, мулкдори эмас, балки табиат ҳамжамияти аъзоларидан биридир; дунё тасвири иерархия босқичларига (инсон-буюм ва нарсалар - табиат объектлари) бўлишдан воз кечиш; табиат билан ўзаро таъсирининг асосий мақсади – ҳам инсоннинг, ҳам табиат ҳамжамиятининг эҳтиёжларини максимал қондириш; табиат билан ўзаро таъсирнинг характерини қуйидаги ўзига хос “экологик императив” белгилайди: фақат табиатда мавжуд экологик мувозанатни бузмайдиган ҳаракат ва фаолият тўғри ва уларга рухсат берилади; табиат ва инсоннинг ривожланиши коэволюция жараёни, ўзаро фойдали бирлик ҳисобланади. (Дерябо, Ясвин, 1996).
Шу муносабат билан экология иқтисодиётида табиатни бузиш ва емириш ҳисобига миқдорий ўсиш, моддий бойликларни чексиз ва оддий тўплаш принципларидан воз кечиб ақл ва идрок устунлигида, ўзини тийиб, энг зарур моддий фаровонликка эришиш принципига ўтиш асосий ўринни эгаллайди.
Ноосфера ва экоцентризм ғоялари таъсирида, глобал экологик вазият ғоят кескинлашган ХХ асрнинг 80-йилларида экология ва иқтисодиёт фанлари таркибида дастлаб Ғарбий Европада, сўнгра қатор бошқа мамлакатларда экология иқтисодиёти мустақил фан сифатида шаклланди. Унинг ғоя ва ишланмалари, тавсиялари амалиётга тадбиқ этила бошланди. Ўтган қисқа даврда замон талаби ва эҳтиёжи асосида мазкур фан тез ривожланди. Ҳозир қатор мамлакатлар ўз иқтисодиёти тузилмаларини қайта қуриб, экология иқтисодиёти (“яшил иқтисодиёт”) йўналишига ўтмоқдалар. Ўзбекистонда ҳам мазкур йўналишнинг айрим элементлари (қуёш, шамол, сув, биогаз энергиясидан фойдаланиш) намоён бўла бошлади.
Табиат ва иқтисодиёт: экология иқтисодиётини шакллантириш ва ривожлантириш зарурати. Иқтисодиёт табиат билан жамиятни боғлаб турувчи муҳим бўғин бўлиб, ўз фаолиятини табиатдаги шароит ва ресурслардан кенг фойдаланиш асосида амалга оширади. Бу жараёнда иқтисодиёт табиатга кўп даражада салбий таъсир кўрсатади, уни кўплаб чиқиндилар билан ифлослантиради, емиради, мавжуд экологик мувозанатни бузади ва ҳоказо. Бошқа томондан эса, бузилган, ифлосланган табиатни тиклаш, яхшилаш, муҳофаза қилиш ҳам асосан иқтисодиёт зиммасига тушади: бу мақсадларга инвестиция топиш, капитал қўйилмалар ажратиш, улардан фойдаланиш, турли тадбирларни амалга ошириш ва бошқалар табиатни, яъни ўзининг бирламчи асосини емирувчи, аниқроқ айтганда, ўз-ўзини емирувчи мавжуд иқтисодиёт модели очиқ циклли бўлиб, у фойдаланиш-ифлослатириш ва емириш-тиклаш ва яхшилаш-муҳофаза қилиш тизимидан иборатдир. Бу жараёнда илгари табиатда мавжуд бўлмаган кўп жихатдан унга зид келадиган кўплаб антропоген (аграр, индустриал-шаҳар ва бошқ.) экотизимлар пайдо бўлади. Шу сабабдан иқтисодиётнинг табиатга емирувчи таъсирини кескин камайтириш ва бартараф этиш, унинг атроф-муҳит учун экологик хавфсизлигини таъминлаш инсоният олдида турган энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бу ерда гап, энг аввало, иқтисодиётнинг табиатдаги ўрнини аниқлаш тўғрисида боради: иқтисодиёт атроф-муҳитнинг (табиатнинг) бир қисми ҳисобланадими ёки, аксинча, атроф-муҳит иқтисодиётнинг бир қисми ҳисобланади? Бу ғоят мураккаб ҳаётий саволга тўғри жавоб бериш принципиал муҳим аҳамиятга эга.
Иқтисодчилар кўп ҳолларда экологияни иқтисодиётнинг бир бўлаги сифатида, экологлар эса, аксинча, иқтисодиётни атроф-муҳитнинг таркибий қисми деб қарайдилар. Иқтисодчиларнинг бундай қарашлари ҳозирги дунёни тўғри тушунишга тўсқинлик қилади. Айнан шундай қарашлар экотизимларга мос келмайдиган иқтисодиётнинг барпо этилишига олиб келди.
Иқтисодиёт назарияси ва иқтисодий кўрсаткичлар табиатда мавжуд экотизимларни иқтисодиёт қандай вайрон қилаётгани, емираётгани ифлослантирилаётганини тушунтирмайди, уларга етказилаётган зарарни тўла ҳисоблашга имкон бермайди. Агар иқтисодиёт ўзининг бирламчи асоси ҳисобланган табиатни вайрон қилишни ҳозиргидай давом эттирса, ҳар икки тизим - экология ва иқтисодиёт катта зарар кўради ва бу қайтмас оқибатларга олиб келади. Бунга Орол фожеаси яққол мисол бўла олади.
Шундай қилиб, табиатда абадий мавжуд бўлган ёпиқ циклда чиқиндисиз ишлайдиган, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмайдиган уни қўллаб-қувватловчи иқтисодиётнинг янги тури - экология иқтисодиётини фан ва фаолият тури сифатида шакллантириш ва ривожлантириш объектив зарурат бўлиб, уни асосан иқтисодиётни қайта қуришнинг солиқ-бюджет бошқаруви ричагларидан оқилона фойдаланиб амалга ошириш мумкин. Экология иқтисодиёти табиатга иқтисодиётнинг ифлослантирувчи ва емирувчи таъсирини бартараф этиш, экология ва иқтисодиётнинг ўзаро мос ва мувозанатда бўлишини таъминлаш, экология қонунларининг иқтисодий сиёсат шаклланишига асос бўлишини амалга оширишнинг ягона ва ишончли йўналиши ҳисобланади.
Экология иқтисодиётининг асосий хусусиятлари: содир бўлган инқилоблар оқибати. Бу масалани тўғри тушуниш учун, энг аввало, инсоният тарихида содир бўлган аграр ва индустриал иқтисодий инқилоблар ва уларнинг оқибатларини, сўнгра етилиб келаётган, содир бўлиши бошланган учинчи инқилоб – экология инқилоби хусусиятларини қисқача таърифлаш керак.
Аграр инқилоб иқтисодиётнинг озиқ-овқат секторини тубдан ўзгартирди. Бунда овчилик ва табиат неъматларини териб-йиғиб олиш, у билан боғлиқ бўлган кўчманчи турмуш тарзи ва хўжалик фаолиятида ерга ишлов беришга асосланган деҳқончилик маданиятига ҳамда уйда боқиладиган чорвачиликка, ўтроқ ҳаёт тарзи ва меҳнат фаолиятига ўтиш содир бўлди. Қишлоқ хўжалиги дастлаб фақат овчилик ва йиғувчиликка қўшимча бўлган бўлса, сўнгра аста-секин ҳар иккисининг ўрнини эгаллади. Аграр инқилоб оқибатида Ер юзасининг ўндан бир қисми ўтлоқ ва ўрмонлардан тозаланиб ҳайдаланадиган ерга айлантирилди. Янги деқончилик маданияти табиатга деярли сезиларли таъсир кўрсатмаган овчилик ва йиғувчиликдан Ер юзаси табиатини тубдан ўзгартирганлиги ва аграр ландшафтларнинг пайдо бўлиши билан кескин фарқ қилади.
Индустриал инқилоб икки аср (XIX-XX аср) давом этди. Лекин, ҳозир ҳам қатор мамлакатлар ривожланишнинг бошланғич индустриялаштириш босқичида турибди. Мазкур инқилоб иқтисодиётнинг энергия манбаининг алмаштирилишидан бошланди: ўтиндан қазиб олинадиган ёқилғи турига ўтиш содир бўлди ва бу ўзгариш иқтисодий фаолликнинг мисли кўрилмаган суръатларда ўсишига олиб келди. Саноат ва бошқа хўжалик эҳтиёжлари учун кўп миқдорда қазиб олинган ёқилғи ўз навбатида энергияни хам кўп ишлаб чиқаришга асос бўлди. Агар аграр инқилоб таъсирида Ер юзаси ўзгартирилган бўлса, индустриал инқилоб даврида тоғ-кон саноати таъсирида кўплаб чиқинди ва карьерлар пайдо бўлди. Ёқилғи энергетика таъсирида атмосферанинг зарарли газлар билан ифлосланиши, охир оқибатда, глобал иқлим ўзгариши содир бўлди. Илмий-техника тараққиёти асосида меҳнат унумдорлиги кескин ошди, тадбиркорлик ривожланди, кўплаб индустриал- шаҳар ландшафтлари пайдо бўлди, аҳолининг турмуш даражаси ва фаолияти сифати янги юқори поғонага кўтарилди. Индустриал инқилоб инсоният тарихида табиатни мисли кўрилмаган даражада тубдан қайта ўзгартирди. Бу даврда табиат билан иқтисодиёт ўртасидаги зиддият энг юқори чўққига кўтарилди, антропоцентризм ғояси тез суръатларда амалга оширилди.
Содир бўлиши бошланган учинчи инқилоб – экология инқилоби олдинги икки инқилоб каби глобал таъсирга эга бўлади, лекин бу таъсир Ер сайёраси табиати учун ижобий аҳамият касб этади, ўтмишда йўл қўйилган хатоларни тузатиш ва экологик барқарор тараққиёт йўлига ўтиш даврига айланади. Шу сабабдан узоқ давом этган олдинги икки инқилобдан фарқ қилиб, мазкур инқилоб сайёрамиз ҳаётини сақлаб қолишдаги фавқулодда аҳамиятига мос ҳолда фақат бир неча ўн йилликда содир бўлиши керак. Агар индустриал инқилобнинг асосий энергия манбаи табиатга ифлослантирувчи ва емирувчи таъсир кўрсатадиган қазилма ёқилғи бўлса, экология инқилобида эса – қайта тикланадиган, тугамайдиган, экологик тоза энергия асосий ўринга чиқади. Олдинги икки инқилоб асосан янги кашфиётлар ва технологик ютуқлар асосида содир бўлган бўлса, экология инқилобининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи - инсониятни мавжуд хавф-хатардан сақлаб қолиш инстикти (туғма ҳис - туйғуси, сезгиси) ҳисобланади. Бунда экология ва иқтисодиётнинг ўзаро муносабатлари тенг бўлади, айнан шу ҳолат иқтисодий тараққиёт кафолатига айланади. Олдинги инқилоблардан фарқ қилиб, бунда барқарор такрор ишлаб чиқариш, экотизимларга таъсирда йўл қўйиладиган меъёр, озуқа занжири ва цикллари, гидрологик цикл, экологик функциялар, экологик онг, табиат компонентлари, ландшафт, табиат комплекслари, экологик таъсир, экологик оқибатлар, экологик хавфсизлик, экологик-иқтисодий оптималлаштириш каби тушунчалар, уларга хос кўрсаткичлар ва талаблар асосий ўринни эгаллайди.
Экология инқилоби даврида экология иқтисодиёти тез ривожланиб, етакчи тармоққа айланади, табиат билан иқтисодиёт ўртасидаги зиддиятли муносабатларга барҳам берилади. Умумий тарзда экология иқтисодиётини барпо этишда содир бўладиган асосий ўзгаришларни қуйидагича таърифлаш мумкин: 1) экология қонунларига амал қилган ҳолда табиатда антропоген таъсир асосида содир бўлган салбий оқибатлар ва ғайри табиий муносабатларга (иқлим, сув, ер, биологик асослар, ландшафт ва улардан фойдаланиш) чек қўйилади; 2) янги турдаги иқтисодиёт барпо этилади. Бунда қуйидаги ўзгаришлар амалга оширилади: экологиянинг иқтисодиётдан устунлиги таъминланади, иқтисодиёт тузилмаси экология йўналишида қайта қурилади; янги тармоқлар пайдо бўлади ва янги иш ўринлари яратилади, капитал қўйилмалар учун тарихда мисли кўрилмаган имкониятлар яратилади; қуёш, шамол, геотермал, сув, водород энергетикаси барпо этилади; бир марталик буюмлар ва маҳсулотлардан фойдаланиш тубдан қайта тартибга солинади, иккиламчи хом-ашёдан фойдаланиш ва хом-ашё иқтисодиётини қайта қуриш амалга оширилади; аграр соҳада ресурслардан фойдаланиш ва ишлаб чиқариш самарадорлиги оширилади, янги ўрмон-боғлар барпо этилади; шаҳарлар қиёфаси ландшафт режалаштирилиши асосида экология талабларига мос йўналишда ўзгаради; аҳоли фаровонлиги ошади; 3) иқтисодиётни қайта қуришда бошқарувнинг солиқ-бюджет ричагларини қўллаш асосида экологик йўналишда солиққа тортиш, субсидия бериш, лицензия сотиш, экомаркировка амалга оширилади, булар ўз навбатида эса ўтиш жараёнларини тезлаштиради.
Экология иқтисодиётини барпо этиш йўналишлари: халқаро тажрибалар ва уларнинг аҳамияти. Экологик қонунлар асосида фаолият кўрсатадиган бундай иқтисодиётни барпо этиш ғоят мураккаб, лекин нисбатан қисқа муддатларда амалга оширишни тақозо этадиган муаммо бўлиб, янги асосда қурилган мазкур иқтисодиёт Ер шари экотизимига шундай мослашадики, унда экология ва иқтисодиётнинг ўзаро муносабатлари тенг ва оптимал мувозанатда бўлади. Айнан шу ҳолат табиатнинг чексиз имконияти ва салоҳиятидан экологик барқарор йўналишда фойдаланишга асосланган ва доимий амалга ошириладиган иқтисодий тараққиётнинг кафолати бўлиб хизмат қилади. Шу сабабдан илғор мамлакатлар экология иқтисодиётини жадал барпо этишга киришиб, бу соҳада ибратли ютуқларга эришдилар.
Янги иқтисодиётни барпо этиш экологик талабларга жавоб бермайдиган эскирган тармоқлар фаолиятини тўхтатиш, мавжуд тармоқларни экологик талаблар асосида қайта қуриш, янги замонавий инновацион тармоқларни эса жадал ривожлантиришни ўз ичига олади. Бунда асосий ўринни янги иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи қайта тикланадиган ва тугамайдиган, экологик тоза энергия манбаларидан оқилона фойдаланишга ўтиш эгаллайди. Бунинг асосий сабаби ҳозирги ёқилғи энергетиканинг табиатга емирувчи таъсирининг кучайиши, ёқилғи нархларининг кескин ошиб кетиши, аниқланган энергия ресурслари захираларининг камайиши ва бошқалар билан узвий боғлиқдир.
Энг итиқболли муқобил энергия манбалари қуёш, шамол, сув, геотермал, атом, термоядро, водород энергияси, шунингдек органик чиқиндилардан олинадиган биогаз ҳисобланади. Бунда атом энергетикасида энергия ҳосил қилиш юксак технологияни талаб этиши, дунёдаги уран, плутоний захираларининг чекланганлиги ва экологик хавфининг юқорилиги, унинг оммавий энергия манбаи бўлишига тўсқинлик қилишини ҳисобга олиш керак. Бошқа манбалар ёрдамида энергия ишлаб чиқариш ҳамма жойда нисбатан осон ва арзон амалга оширилиши мумкин, улар экологик жиҳатдан мутлақо зарарсиз, атроф-муҳитни ифлослантирмайди, одамлар саломатлигига зарар етказмайди. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, келгуси 50-йилда кўмир, нефть, газ каби энергия турлари ўрнини қуёш, шамол ёрдамида олинадиган энергия эгаллайди.
Маълумки, бир кунда ер юзига тушадиган қуёш энергияси бутун дунёдаги нефть, газ, уран захиралари энергиясига тенг. Бироқ, ҳозирги илмий тараққиёт даражасида улардан фойдаланиш самарадорлиги анча паст бўлиб, эришиш мумкин бўлган юқори самарадорлик 35 фоизни, оммавий равишда фойдаланиш коэффициенти 20-25 фоизни ташкил этади.
Қуёш нурларини электр ва иссиқликка айлантириш соҳасида қатор ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар анча илгарилаб кетиб, сезиларли натижаларга эришганлар. Япония, АҚШ, Европа Иттифоқи қуёш элементларини ишлаб чиқаришда етакчи бўлиб, уларнинг экспортидан катта даромад олмоқдалар. Япония фотогальваник том ёпиш материалларини кўп миқдорда ишлаб чиқараётир. Бундай материаллар билан қопланган бино томлари ўзига хос қуёш электр станцияларига айланади. Германияда “Юз минг қуёшли томлар” лойиҳаси, АҚШ да “Миллион қуёшли томлар” дастури ҳаётга тадбиқ этилаётир. Коста-Рика 2025 йилгача мамлакат иқтисодиётини тўлиқ тикланадиган энергия манбаларига ўтказишни режалаштирган. Булар муқобил энергия манбалари имкониятидан фойдаланиш миқёсини ошириш, ёқилғи импорти ҳажмини қисқартиришга ва умуман иқтисодиётнинг экологик барқарорлигини таъминлашга, “яшил технологиялар” эвазига атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли газларни камайтиришга хизмат қилмоқда.
Шамол сайёрамизнинг барча қисмларида мавжуд бўлган ғоят катта тикланадиган энергия манбаидир. Россия, Украина, Германия, Дания, Испания компаниялари турли шамол тезлигида ишлайдиган кўплаб шамол генераторларини ишлаб чиқармоқда. Дунёда шамол энергетикаси бўйича Дания, Германия, АҚШ, Испания, Ҳиндистон етакчи ўринни эгаллайди. Данияда шамол турбиналари мамлакатда ишлаб чиқарилаётган энергиянинг 15 фоизини бераётир. Германияда Шлезвиг-Гольштейн минтақасида энергияга бўлган эҳтиёжнинг 19 фоизини (бу ердаги айрим районларда 75 фоиз), Испаниянинг Наварра провинциясида 22 фоизини шамол энергетикаси таъминлайди.
Исқтиқболли ҳисобланган муҳим энергия манбаларидан яна бири водород энергияси бўлиб, у табиатда энг кўп тарқалган моддалардан биридир. Водород сув электролизи асосида олинади, у заҳарсиз, экологик хавфсиз, юқори калорияли моддадир. Бу манбанинг энг асосий афзаллиги – водород энергия ҳосил қилиб бўлгач у яна ҳаводаги кислород билан бирикиб, сувга айланаверади. Шу сабабдан бу манба чексиз ва тугамайдиган ресурсдир. Уни суюқ холда сиқилган табиий газ каби ташиш, махсус омборларда сақлаш, ундан зарурат бўйича фойдаланиш мумкин. Водороднинг яна бир афзаллиги мавжуд двигателлар тузилишини ўзгартиришга ҳожат йўқлигидир. Тез орада мазкур энергия манбаи ўзлаштирилса нефть ва газ ўрнини босади, шу асосда кўплаб энергетика ва табиат муҳофазаси муаммолари осонликча ҳал этилади. Бошқача айтганда, янги энергетика инқилоби содир бўлади.
Бу борада бугунги кундаги энг асосий муаммо уни саноат асосида ишлаб чиқариш харажатларининг кўплиги бўлиб, олимларнинг эътибори уни ёқилғи сифатида арзонлаштиришга қаратилган. Ғарбий Европа, АҚШ, Австралия, Канада, Японияда водород ёқилғисини ишлаб чиқариш ва водород энергетикасига ўтишга жиддий эътибор берилмоқда. Исландияда дунёда биринчи “водород иқтисодиёти”ни барпо этиш ишлари бошлаб юборилган. Қатор мамлакатларда водород ёқилғи элементларига ўтказиш жадал давом этаётир ва кўплаб ёқилғи қуйиш станциялари қурилган. Водородни мавжуд газ ва нефть қувурлари орқали ташиш бўйича қатор Европа мамлакатларида ва АҚШда режалар тузилмоқда.
Чиқиндисиз технология ва янги материалларга асосланган янги иқтисодиётни барпо этиш “ресурс-чиқинди-ресурс” тизимига ва маҳсулот ҳаётий циклида эса ҳозирги иқтисодиётда хукмрон бўлган “ишлаб чиқаришдан чиқинди хонага” принципидан “ишлаб чиқаришдан янги ишлаб чиқаришга” принципига, яъни иқтисодиётни табиатдаги каби чиқиндисиз ёпиқ циклга ўтказишни билдиради. Бу борада жаҳон иқтисодиётида жуда кўп ибратли тажриба, ютуқ, йўналишлар бор. Германия ва Япония автомобил, маиший ва офис техникасини осон ечиладиган ва қайта (утилизация) ишланадиган конструкцияда ишлаб чиқариш талабини амалга ошираётир. Дания ва Финляндия ичимликлар учун бир марталик идишлардан фойдаланишни таъқиқлади. Японияда бир корхона чиқиндиси иккинчиси учун фаолият манбаи бўлган индустриал корхоналар мажмуаси ташкил этилаётир. Исроил дунёда биринчи бўлиб сувдан энг самарали фойдаланиш бўйича янги технологияларни ишлаб чиқиб, уни жорий этди. Жанубий Корея адир ва тоғларни ёппасига ўрмон-боғларга айлантирди. Голландия велосипедга устунлик берадиган шаҳар транспорт тизимини дунёга намойиш қилди. Европа Иттифоқининг қатор мамлакатлари, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Хитойда “яшил иқтисодиёт”ни барпо этиш ишлари бошлаб юборилди. БААда “Масҳар-Сити” - экологик тоза шаҳар лойиҳаси жадал суръатда амалга оширилмоқда. Унда атмосферага зарарли газларни мутлақо чиқармаслик, барча эҳтиёжлар учун тикланувчи энергия манбларидан фойдаланиш, янги инновацион технологияларни кенг қўллаш кўзда тутилган.
Дунёда экология иқтисодиётнинг ривожланиши янги тармоқларнинг (экология энергетикаси, экология машинасозлиги, экология инфратузилмаси, енгил типдаги рельсли транспорт, балиқчилик, ўрмон-боғдорчилик ва бошқ.) пайдо бўлишига, қатор тармоқлар (кўмир қазиб олиш, атом энергетикаси, ўрмон саноати, бир марталик буюмлар ишлаб чиқариш ва бошқ.) ривожланишининг пасайишига, кўплаб янги иш ўринларининг очилишига, янги экологик мутахассисларни тайёрлашга бўлган талабнинг ошишига (метеоролог, ўрмончи, гидролог, иккиламчи хом ашёни қайта ишлаш ва экология энергетикаси муҳандислари, эколог-иқтисодчи, эколог-меьмор ва бошқ.) олиб келади.
Кўплаб мамлакатлар экологик барқарор иқтисодиётни барпо этишда солиқ-бюджет сиёсати инструментларидан фойдаланишни амалга ошираётир. Бунда экологик мақбул фаолият турлари рағбатлантирилади, аксинча, ифлослантирувчи ва емирувчи таъсир кўрсатиш чекланади. Масалан, Европа мамлакатлари, АҚШ аҳолининг даромад солиқларини пасайтириб, унинг ўрнини табиатга зарарли таъсир кўрсатувчи тармоқларга солиқни ошириб, тўла қоплашга эришмоқдалар. Айнан шундай йўналиш субсидия бериш, лицензияни сотиш, экомаркировкалашда ҳам қўлланилаётир.
Навбатдаги асосий вазифа - ҳар бир мамлакатда инновацион технологияларни кенг қўллаган ҳолда экологик тоза хизмат кўрсатиш ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришга асосланган ва барча компонентларни ўз ичига олган яхлит, ўзаро боғлиқ экология иқтисодиёти тизимини барпо этишдан иборат.
Ўзбекистонда экология иқтисодиётини ривожлантириш: асосий муаммолар ва уларнинг ечими йўналишлари. Бугунги кунда Президентимиз И.А.Каримов ишлаб чиққан “Мамлакатимизда демократик ислохотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” (2010й.) асосида ислоҳотларнинг янги босқичи амалга оширила бошланди. Иқтисодиётни диверсификация қилиш ва модернизациялаш тадбирлари тизимида юксак технологияларга асосланган замонавий тармоқлар ва ишлаб чиқариш соҳаларини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Шу муносабат билан дунёда содир бўлиши тобора тезлашиб бораётган экология инқилоби шароитида Ўзбекистон иқтисодиётини ҳам унинг талаб ва тамойилларига мувофиқ энг кўп экологик-иқтисодий ва ижтимоий-иқтисодий натижаларга эришишни кафолатлайдиган йўналишларда амалга оширишни заруратга айлантирмоқда. Ана шу мезондан келиб чиққан холда, бир қатор экологик муаммолар, чунончи, Оролнинг қуриб бораётгани ва Оролбўйининг саҳрога айланаётгани, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Фарғона вилоятларида экологик вазиятнинг мураккаблиги, шунингдек атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, сув ресурсларининг танқислиги ва ифлосланиши, аҳолининг тоза ичимлик суви билан етарли таъминланмаганлиги, тупроқ шўрланиши ва ифлосланиши, биологик маҳсулдорлик ва биохилма-хилликнинг камайиши, яйловлар дигрессияси, чиқиндиларнинг кўплаб тўпланиб қолиши, қайта тикланадиган энергия манбаларининг чексиз салоҳиятидан фойдаланиш деярли йўлга қўйилмаганлиги ва бошқа қатор муаммолар ҳал этилиши лозим.
Экологик муаммоларнинг ҳамма жиҳатлари ўзаро мураккаб тарзда чатишиб кетганлиги ва асосан иқтисодиёт таъсирида пайдо бўлганлиги ва тармоқлараро характерга эгалиги сабабли уларни бартараф этиш хўжалик фаолиятнинг турли жабҳаларида (саноат, аграр, хизмат кўрсатиш соҳалари ва бошқ.) ўзига хос йўналишларда амалга оширишни талаб қилади. Масалан, энергетика, хом-ашё, озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳаларида қуйидаги тузилмавий ўзгаришлар ўтказилиши керак: 1) энергетикада кўмир, нефть, газдан аста-секин қуёш, шамол, геотермал, водород энергетикасига ўтиш; 2) хом-ашё секторида мавжуд тўғри чизиқли иқтисодиёт моделидан (хом-ашёнинг кон шахталари ёки ўрмондан чиқинди хоналаргача ўтиши) қайта фойдаланиш ёки қайта ишлаш моделига ўтиш. Бундай ёпиқ циклда (табиатда содир бўладиган кўринишда) ишлайдиган янги тизимда қайта ишлаш билан шуғулланадиган тармоқлар аста-секин қазиб олувчи тармоқларни сиқиб чиқаради; 3) озиқ-овқат секторида энг кўп ўзгариш ишлаб чиқариш тузилмасида эмас, балки бошқариш усулида, яъни соҳа таркибини қайта қуришда содир бўлади. Бунда биринчи даражали вазифа – табиат бойликларидан тугамайдиган йўналишда (уларни такрор барпо этиш асосида) оқилона фодаланиш ҳисобланади.
Транспорт тизимида ҳозирги шовқинли, атроф-муҳитни ифлослантирувчи автомобил транспорти ўрнига шаҳарларда асосан рельсли транспортдан (трамвай, метро, поезд) фойдаланишга ўтилади, велосипедда юриш учун кенг имкониятлар яратилади. Янги транспорт тизимида бугунги каби автомобил, рельсли транспорт, автобус ва велосипедлар иштирок этади. Лекин уларнинг нисбати ўзгаради. Шаҳар транспортида янги экологик тоза ва тежамли транспорт схемаси барпо этилади.
Ўзбекистоннинг ўзига хос географик ўрни, табиатининг ғоят хилма-хиллиги (чўл, суғориладиган текислик, тоғ зоналари) унинг улкан тикланадиган энергетика захираларига эга бўлишига сабаб бўлган. Уларнинг умумий ҳажми 51 млрд т. нефть эквивалентига (т.н.э.) тенг бўлиб, мавжуд технологиялар уларнинг 179 млн т. н.э. фойдаланишга имкон беради. Бу мамлакат бўйича бир йилда қазиб олинадиган барча ёқилғидан уч баробар кўпдир. (жадвал)
Мавжуд техник имкониятлардан тўлиқ фойдаланилганда, улар 447,5 млн т. СО2 чиқинди гази чиқадиган миқдордаги ёқилғидан фойдаланишнинг ўрнини босиши мумкин. Бошқача айтганда мазкур йўналишда атмосферани ифлослантирувчи асосий манбаларни йўқотишга имконият яратилар эди.
Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларининг имкониятлари
Имконияти |
Жами (млн т.н.э.) |
Шу жуладан, энергия (млн т.н.э.) |
|||
Гидро |
Қуёш |
Шамол |
Геотермал сувлар |
||
Ялпи |
50984,6 |
9,2 |
50973,0 |
2,2 |
0,2 |
Техник |
179,0 |
1,8 |
176,8 |
0,4 |
- |
Ўзлаштирилган |
0,6 |
0,5 |
- |
- |
- |
Манба: Ўзбекистон Республикасида атроф муҳит ва табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисида миллий маъруза. Т.2008, 247-бет
Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларининг техник имкониятлари тузилмасида қуёш 98,8 фоизни, гидроэнергия 1,0 фоизни, шамол энергияси 0,2 фоизни эгаллайди. Бу рақамлар Ўзбекистон ҳақиқий қуёш ўлкаси, қуёш эса унинг асосий муқобил энергия манбаи эканини исботлайди. Қуёш энергиясининг техникавий салоҳияти республиканинг энергияга бўлган йиллик талабини тўрт баробар қоплайди. Лекин, ҳозир қуёш энергиясининг атиги 0,3 фоизидан (0,6 млн т.н.э.) фойдаланилмоқда.
Шунингдек, мамлакатимизда шамол энергияси ва сув энергияси ресурслари салоҳияти ҳам катта бўлиб, улардан фойдаланиш даражаси пастлигича қолмоқда.
Яқин келажакда қайта тикланадиган энергия манбаларининг улкан салоҳиятидан фойдаланиш асосида энергетикада тизимли ўзгариш ва қайта қуришни амалга ошириш вазифаси турибди. Бунда илғор хорижий тажриба ва технологиялар ҳамда иқтисодий-экологик инструментлардан кенг миқёсда фойдаланиш лозим.
Мамлакатимизда экология иқтисодиётини барпо этиш ва ривожлантиришда давлат сиёсатининг қатор инструментлари – солиқ-бюджет бошқарув ричаглари, давлатнинг тартибга солиши, экологик маркировка, экологик экспертиза, бозор лицензиялари (квота) асосий ўринни эгаллайди. Улардан экологик хавфсиз фаолият турларини рағбатлантириш, аксинча, ифлослантирувчи ва емирувчи соҳаларни чеклашда кенг фойдаланиш лозим. Бунда “фойдаланган тўлайди”, “ифлослантирган тўлайди”, “тежамкорлик ва обод қилиш имтиёзга (солиқ, субсидия) эга бўлади” тамойилларига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда экология иқтисодиётини фан ва амалиёт йўналиши сифатида ривожлантириш қуйидаги тадбирлар тизимини амалга оширишни талаб қилади: 1) экология иқтисодиётини миллий манфаатларга мос йўналишларда ривожлантириш бўйича мақсадли дастур ишлаб чиқиш ва уни комплекс лойиҳалар асосида амалга ошириш; 2) экология тадбирларини инвестициялашда давлат билан бир қаторда хусусий секторнинг иштирокини таъминлаш (корхоналар, фирмалар ўз фаолияти йўналишида инвестицияларни ўз зиммаларига олишлари); 3) Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошида ихтисослашган экология иқтисодиёти муаммолари лабораториясини ташкил этиш; 4) Тошкент давлат иқтисодиёт университетида юқори малакали иқтисодчи-экологларни тайёрлашни; 5) мамлакатимизда амалга оширилаётган узлуксиз экологик таълим тизимининг барча бўғинларида экология иқтисодиёти иштирокини таъминлаш, шу жумладан барча иқтисодиёт олий ўқув юртлари ихтисосликларида “экология иқтисодиёти” фанини ўқув дастурларига киритиш ва ўқитиш.
Юқоридагиларга асосланиб қуйидаги умумий хулосага келиш мумкин: табиат ҳамиша инсондан кучли бўлган ва шундай бўлиб қолади, у абадий ва чексиздир; табиат билан ўзаро муносабатларнинг асоси қарши курашиш эмас, балки ўзаро ёрдам ва қўллаб-қувватлаш бўлиши керак; кўп йиллар мобайнида оммавий шаклланган антропоцентризм туридаги онгни дунёни янгича кўрадиган экоцентризм сиқиб чиқариши керак; иқтисодиёт табиатнинг таркибий қисми, иқтисодий фаолият эса ҳозирги табиатни ифлосланитириш ва емириш йўналишидан уни барқарорлаштириш ва обод қилишга ўтиши шарт.
Дунёни (табиатни) ҳақиқий илмий билиш жамият ҳаётини тўлиқ экологик-иқтисодий ташкил этиш йўлига ўтиш учун ғоят зарур бўлиб, бунда инсоният, шу жумладан иқтисодиёт табиатнинг ажралмас қисми сифатида ўз-ўзини тартибга солиб ривожланиши мумкинлиги ҳамда бундай ривожланишнинг барча томонлари табиат қонунларига барқарор ва айни бир вақтнинг ўзида ўзгаришларга бой ҳолда мос бўлиши ҳақидаги илмий тасаввурлар асос бўлиб хизмат қилади. Айнан шу ҳолат инсониятнинг асосий муаммоси бўлиб, унинг муваффақиятли ечими Ер сайёрасида ҳақиқий экологик хавфсизликни таъминлайди.
Т.Ж.Жумаев,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети, г.ф.д., профессор