«EKOMAKTAB» экология-ресурс маркази.

  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»
  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»
  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»

Экологик хавфсизлик маданиятини шакллантириш: илмий-назарий қараш ва ғоялар.

User Rating: 5 / 5

Star ActiveStar ActiveStar ActiveStar ActiveStar Active
 

Экологик хавфсизлик маданиятини шакллантириш ва экологик таълим масалалари педагог олимлар диққатини ўзига тортиб келади. Мазкур муаммо бўйича мамлакатимиз, МҲД ва Ғарб олимлари томонидан бир қатор тадқиқот ишлари олиб борилган.

Экологик таълимнинг педагогик асослари масаласи академик И.Д. Зверев (Экологик назария асослари), А.Н.Захлебний (Экологик таълимнинг педагогик аослари), Э.О.Турдиқулов (Табиий фанларни ўқитишда ўқувчиларга экологик таълим бериш муаммолари, узлуксиз таълим концепцияси, экологиядан ДТС ишлаб чиқиш), И.Суравегина (Биология ўқитишда ўқувчиларга экологик таълим бериш), И.Матрусов ва бошқа бир қатор олимларнинг илмий тадқиқот ишларида ўз аксини топган.

Ўзбекистонлик олимлардан Ю.Шодиметов, Б. Зиёмухамедов, А.С.Тўхтаев , Э.В.Қодиров, О.Қудратов, Ж.Холмуродов, А.Н.Нигматов кабилар ўз тадқиқотларида экология тушунчаси, унинг мазмуни, атроф-муҳит ва инсон муносабатларининг турли иқтисодий, табиий, ижтимоий аспектлари, экологик таълимнинг ижтимоий-фалсафий жиҳатларини ўргандилар.

Л.Т. Шоносированинг илмий тадқиқотида мактабгача ёшдаги болаларда экологик дунёқарашни шакллантириш масалалари тадқиқ этилган. М.А. Юлдашев, М.М. Абдуллаева, Н.Ашуроваларнинг илмий тадқиқотларида бошланғич синф ўқувчиларида экологик билимни шакллантириш, П.С.Султонов ва Б.П.Аҳмедовларнинг китобида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш асосларига оид масалалар тадқиқ этилган.

Экологик таълим муаммолари МҲД педагог олимлари томонидан ҳам тадқиқ этилган. Сўнгги йилларда экологик таълим муаммолари йўналишида бир неча тадқиқотлар олиб борилган. Улардан: Р.Н.Галимарданова, Е.Н. Голованова, М.Н. Гринько, И.С. Ильясова, Исмонкулов Субхонкул, Н.А.Канарская, Г.В.Лоскутникова, С.Ф.Масленникова , Т.Л.Кушнир, Е.В.Литвина, Р.И.Пазова, Е.И.Полянская, Т.С.Хазыкова, П.И.Агаларова, В.В.Червонецький кабиларнинг номзодлик ва докторлик диссертациялари бевосита ўқувчи ва талабаларда экологик тафаккурни шакллантириш масалаларига бағишланган.

Хусусан, А.Р.Маликова экологик маданият тушунчасининг илмий таърифини беради. Олиманинг фикрига кўра, “Экологик маданият – бу тирик мавжудотлар билан атроф-муҳит ўртасидаги ўзаро узвий алоқадорлик тўғрисидаги тушунча, билим, тафаккур, онг ва уларни амалий фаолиятга татбиқ этиш кўникмаси, малакаси ва масъулиятидир” (8-бет). Ўз қарашларини ойдинлаштириб, олима экологик маданият бу - “табиат ва жамиятнинг ўзаро мутаносиблиги ва уйғунлиги таъминловчи амалий фаолият кўрсаткичидир”, дейди.

Н.Ш.Бозорова эса куйидаги таърифни келтиради: “Экологик маданият – бу табиат ҳақидаги билим, онг, идрок, саводхонлик, интеллектуал салоҳият ва уни амалда қўллай билиш фаолияти, атроф муҳитга нисбатан фаолиятнинг юксак кўрсаткичи, онгли ва масъулиятли ёндашувдир” (9-бет). Унда табиат билан инсон ўртасида ўзаро оқилона, масъулиятли муносабат таркиб топади, дейилади.

А.Р.Маликованинг таърифидаги ижобий ўрин шундаки, мазкур таърифда инсон (тирик мавжудотлар) ва атроф-муҳит ўртасидаги муносабатнинг узвий алоқадорлиги экологик маданият билан боғланади. Чунки айнан инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларнинг узвий, яъни ўзаро таъсир асосида боғланганлигини тушунмаслик оқибатида экологик таҳдидлар юзага келмоқда, инсон ўзини ўраб турган оламга хавф-хатар солмоқда, оқибатда инсон ўзининг саломатлигига ҳам таҳдидлар юзага чиқармоқда. Аммо, А.Р.Маликова экологик маданиятнинг таърифини беришда унинг тўлиқлиги ва яхлитлигига эътибор қарата олмаган, чунки олима экологик маданиятни “тушунча, билим, тафаккур, онг ва уларни амалий фаолиятга татбиқ этиш кўникмаси, малакаси ва масъулиятидир” дейди. Аслида ана шу “тушунча, билим, тафаккур, онг” мажмуини амалда қўллай билиш ҳолати инсон ахлоқида намоён бўлади.

Мана шу нуқтаи назардан Н.Ш.Бозорованинг таърифида баъзи бир жузъий жиҳатлар мавжуд. Аввало Н.Ш.Бозорова “амалда қўллай билиш фаолияти” деганда, жуда ҳақ. Бироқ, олима экологик маданият тушунчасини “табиат ҳақидаги билим, онг, идрок, саводхонлик, интеллектуал салоҳият”га тенглаштириб қўяди. Аслида экологик маданият тушунчаси тирик мавжудотлар, шу жумладан инсон ва унинг атрофидаги табиий олам ўртасидаги мураккаб муносабатларнинг ўзига хос қирраларини ўзида мужассам этади.

И.Ш.Исматов атроф-муҳитга нисбатан масъулиятли муносабатни мактаб ўқувчиларида анорганик кимё фани асосида шакллантириш борасида тадқиқот олиб борган бўлиб, “инсонлар, ижтимоий гуруҳлар, қолаверса бутун жамиятнинг атрофдаги табиий ва ижтимоий муҳитга истеъмолчилик, масъулиятсиз ва маданиятсиз муносабати кўринишлари ҳамон сақланиб қолмоқдаки, ... муайян ҳудудларда табиий экологик мувозанатлар издан чиқмоқда” (3-бет), дейди. Биз ҳам экологик хавфсизлик маданиятига эга бўлган индивид экологик мувозанатни сақлашга йўналтирилган фаол ҳаракат соҳиби бўлиши заруриятини таъкидлаймиз.

С.И.Хусанова ўқувчиларнинг ҳаёт хавфсизлигини таъминлашнинг педагогик шарт-шароитларини ўрганади. Тадқиқотдан мақсад – мактаб шароитида ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш тизимини жорий этиш ҳисобланади. Бу ўринда бизнинг эътиборимиз, С.И.Хусанованинг “хавфсизлик” истилоҳини қандай тушунтиришига қаратилади. Олима ўқувчилар ҳаётига бўлган табиий, техноген, экологик, терроризмга алоқадор, ҳарбий фавқулодда вазиятлар мавжудлиги таъкидлайди (9-бет). Олиманинг мактабларда “Ҳаёт хавфсизлиги асослари” фанини ўқитиш ва 34 соатли дастур асосида “Фуқаро муҳофазаси” кунини ўтказиш борасидаги тавсиялари жуда катта амалий аҳамиятга молик тадбирлардандир.

Н.Ў.Нишонова адабий таълим жараёнида, аниқроғи унинг кўмагида умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларининг экологик маданиятини шакллантириш масаласини кўриб чиқади. Экологик маданият, дейди олима, бу – “табиатни муҳофаза қилиш, табиат бойликларидан оқилона фойдаланиш, экологик онг ва хис-туйғуларнинг шаклланиши, фаол ҳаётий нуқтаи назарда туриш, экологик билимга эга бўлишдир” (4-бет). Экологик маданиятга эга бўлиш, бугунги кунда на фақат ўз фаолиятида унга риоя этишни, балки бутун жамият аъзоларидан экологик маданиятни талаб этишни тақозо этади. “Экология ва маданият аввало бир-бири билан ўзаро алоқанинг мувозанатини сақлайди, бу борада бошқаларни ҳам тўғри фаолият кўрсатишга йўллайди” (4-бет).

М.Р.Халилова экологик тарълим ва тарбия жараёнида ўз эътиборини мактабгача таълим муассасалари катта гуруҳ ёшидаги болаларда экологик тушунчаларни шакллантириш жараёнига қаратади. Экология бутун инсониятга тааллуқли оламшумул муаммолардан бири эканлиги (4-бет) таъкидланади. Ҳозирги кунда табиат ва жамият ўртасидаги экологик мувозанатни сақлаш асосий ҳаётий масалалардан бири эканлиги борасида гапирилади. Шунинг учун ҳам боғча ёшидан экологик тушунчаларни шакллантириб бориш лозимлиги уқтирилади. Бу ўринда энг муҳим нарса шундаки, болада табиатга бўлган айнан ижобий муносабатнинг шакллантирилиши зарурлигидир.

Г.О.Комилованинг тадқиқоти амалий масалага бағишланганлиги билан чуқур қизиқиш уйғотади. Унда мактабгача ёшдаги болаларга экологик тарбия беришда халқ топишмоқларидан фойдаланишнинг педагогик имкониятлари кўриб чиқилади. Айниқса, ўзбек халқ топишмоқлари ёрдамида болада экологик тафаккурнинг шаклланиши жараёни жуда аниқ ва самарали кўрсатиб берилган.

М.Б.Раҳимқулова тадқиқотининг ўзига хослиги унда экологик қадриятларни дарсдан ташқари машғулотлар асосида бошланғич синф ўқувчиларида шакллантириш масаласига бағишланганлигидир. Олиманинг фикрига кўра, ўқувчилардан “экологик ҳолатни ҳаққоний баҳолаш қобилиятига эга бўлиш” талаб этилади (12-бет). Бироқ, бизнинг фикримизга кўра, мазкур вазифасининг бажарилишини бошланғич синф ўқувчиларидан талаб этиш улар зиммасига уларнинг ёш дифференциациясига тўғри келмайдиган жуда катта вазифани қўйиш ва талаб этишдир.

Н.М.Эгамбердиеванинг тадқиқоти талабалар ахлоқий тарбияси масаласини атроф-муҳитга бўлган шахс муносабати билан узвий боғлаганлик, инсон ахлоқи ва экологик муносабат, замонавий ахлоқий қадриятлар ва экологик мувозат масалаларидаги ички моҳиятни англаш, ўзаро алоқадорликни кўра билиш асосида ўрганади ҳамда мана шу жиҳатлари билан диққатни тортади. Экологик муаммолар инсон онгида ҳам маълум ўзгаришларни келтириб чиқараётгани тадқиқотда яхши хулосаланган. Олиманинг фикрига кўра, бугунги кунда таълим мазмунини мумкин қадар тўлароқ “экологик тушунчалар билан бойитиб” (4-бет) бориш зарур. Н.М.Эгамбердиева ахлоқий-экологик таълим концепциясини таклиф этади. Концепцияда ахлоқий-экологик тарбия асосида на фақат хис-туйғулар, балки табиатни илмий англаш билимларга таяниш зарурлиги уқтирилади (14-бет). Экология фанининг ўзига эса кўптизимли соҳа сифатида қаралади.

Ф.У.Жуманованинг номзодлик диссертацияси ҳам касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларида экологик маданиятни шакллантириш масалаларига бағишланган. Аммо Ф.У.Жуманова экологик таълим масаласини география фани таълими асосида кўриб чиқади ва бугунги кунда геоэкология фани жуда катта аҳамият касб этаётганлиги таъкидланади. Геоэкология таркибига атроф-муҳит ва унинг табиий ҳолатини сақлаб қолиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ва уларни кўпайтириш, муайян даврдаги экологик ҳолатларни прогнозлаш, янги ҳудудларни ўзлаштириш, йирик гидрологик қурилишлар, шунингдек коинот ва дунё океанларини тадқиқ этишга қаратилган ҳаракатлар оқибатларига оид муаммолар киритилган.

В.Н.Сатторовнинг тадқиқоти “Умумий ўрта таълим мактабларининг V-IX синф ўқувчиларида экологик маданиятни шакллантириш” (қишлоқ хўжалик меҳнати таълими асосида) масалаласига бағишланган. Тадқиқотда экологик таълим-тарбия орқали инсон ва табиат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг асоси ҳисобланган меҳнат, хусусан қишлоқ хўжалик меҳнати муҳим аҳамият касб этиши таъкидланади. Шу боис, олим “агроэкологик таълим”, “экологик тарбия”, “экологик маданият” каби тушунчаларга қишлоқ хўжалиги нуқтаи назаридан таъриф беришга уринади.

Х.А.Раҳматованинг ўқувчиларни синфдан ташқари ишлар жараёнида экологик-гигиеник тарбиялаш масалаларига бағишланган тадқиқотида экологик-гигиеник таълимга таъриф келтирилади. Унда экологик-гигиеник таълим - бу аниқ мақсадга йўналтирилган педагогик жараён эканлиги, мазкур жараёнда ўқувчиларга экология, атроф-муҳит муҳофазаси, шунингдек, инсон саломатлигини асраш асослари борасидаги билимлар берилиши ҳақида сўз кетади (10-бет).

Кушнир Татьяна Ларисовнанинг Россия педагогик академиясида ҳимоя қилинган «Ўсмир ёшларда табиатга бўлган масъулиятли муносабатни шакллантириш» (Москва, 2010, -256 б.) мавзусидаги номзодлик диссертациясида сўнгги вақтларда экологик танглик ҳолатлари ва глобализация шарт-шароитларининг инсонларга таъсири натижасида уларда табиат ва атроф-муҳит билан боғлиқ равишда “қадриятларнинг ўзгариши («смена системы ценностей»), тафаккурнинг қайта қурилиши («перестройка сознания»), табиатга бўлган муносабатнинг ўзгариши (изменение отношения к природе), экологик тафаккурнинг трансформацияси (трансформация мировоззрения) вужудга келаётганлиги борасида сўз кетади. Шу боис кўпчилик мамлакатларда табиатга нисбатан “умумбашарий масъулиятни шакллантириш” (формирование «всеобщей ответственности»), экология муҳофазаси бўйича қонунларни билиш, экологик маданиятли бўлиш таълим тизимининг таркибий қисми ва муҳим бўғинига айланиб бораётганлиги таъкидланади. Шундай экан, экологик маданиятни шакллантиришни педагогик-психологик вазифага сифатида баҳолаш зарур.

Олиманинг фикрига кўра, экологик таълим бугун икки йўналишда ривожланиб бормоқда. Биринчиси, таълим тизимига “экология” фани соатларини киритиш орқали экологик таълим шакллантирилмоқда. Иккинчиси, таълим тизимидаги мавжуд фан соҳаларини экологик билимлар билан бойитиш ва такомиллаштириш орқали экологик маданиятни шакллантириш жараёни ташкил қилинмоқда. Бизнинг фикримизга кўра, ҳар икки йўналишнинг педагогик аҳамияти катта бўлиб, уларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш эмас, балки уларни узвий алоқадорлигини таъминлаш орқали экологик таълим жараёнини бойитиш, унинг мазмунини доимий бойитиш ва такомиллаштириб бориш, экологик таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш зарур.

Агаларова Пакизат Исмаиловнанинг “Ўсмир ёшларда экологик маданиятни таълим-ўйин асосида шакллантириш” мавзусидаги тадқиқотида таъкидланишича, замонавий экологик таълимнинг бош мақсади экологияга оид билим ва малакаларнинг ўзинигина шакллантириш эмас, балки экологик тафаккур, онг, маданиятни шакллантиришдан иборатдир. Бугунги кунда таълим жараёни марказига ўқувчи ва унинг таълим эҳтиёжлари қўйилар экан, мана шу ўқувчининг экологик маданияти масаласи ҳам шахсий, ҳам ижтимоий муҳим аҳамият касб эта бошлайди. Ўз педагогик таклифларини жорий этиш мақсадида П.И.Агаларова “Доғистон – бетакрор табиат ўлкаси” ўқув дастурини таклиф этади. Диссертациядан Доғистонда “Аҳолининг экологик таълими тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлиги аён бўлади. Олима экологик маданият тушунчаси мазмунида энг аввало мерос сифатида қабул қилинган эмас, балки инсон амал қилишга ўрганган ахлоқий қадриятлар тизими ва мажмуини тушунади ( культура - это поведение, которому человек научился, а не получил в качестве биологического наследства, 22-бет).

Кўриниб турибдики, илмий доираларда экологик маданият масаласининг педагогик аспектлари маълум даражада ўрганилган бўлишига қарамай, экологик хавфсизлик маданиятини шакллантириш муаммосининг педагогик жиҳатларига бағишланган тадқиқот ишлари йўқ. Шу боис экологик хавфсизлик маданияти нима, унинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий мазмуни, шунингдек педагогик мазмуни нима ва уни қандай қилиб самарали шакллантириш мумкин, уни қай даражада шакллантириш керак каби масалаларга жавоб топиш долзарб муаммолардан саналади.

И.Х.Аюбова

Тошкент давлат техника университети

атроф-муҳит муҳофазаси кафедраси


Янгиликларга обуна бўлиш

© 2024 EkoMaktab. All Rights Reserved.