2-3 октябрь кунлари Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ)нинг Ўзбекистондаги филиали Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикасида бир қатор тадбирларни ўтказди. Тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси (ҚР) Вазирлар Кенгаши, ҚР Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва унинг Нукусдаги бўлими кўмагида ташкил этилди.
Нукус шаҳридаги 28- ва 31-мактабларнинг 3-4-синф ўқувчилари ва Нукус туманидаги 31- ҳамда 32-мактабларнинг 5-7 синф ўқувчилари – жами 160 дан зиёд ўқувчи тадбирда иштирок этди, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ҚР Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси матбуот хизматлари вакилларини, шунингдек, маҳаллий ва тошкентлик журналистлар ҳам жалб этилди.
Тадбирлар лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган қишлоқ хўжалиги ва сувни тежайдиган технологиялар, маиший фойдаланиш ва иқтисодиёт, виртуал сув ва ресурсларни асраб-авайлаш ҳамда ҳурматлаш сингари ҳаётнинг турли жабҳаларида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича саводхонликни оширишга қаратилган бешта ижтимоий-ахборот видео-роликлар асосидаги болалар учун эко-дарсларни ўз ичига олди. Бундан ташқари карантин даврида сув ресурслари чекланган ҳудудларда сувни муҳофаза қилиш ва тежаш усуллари тўғрисида болалар билан суҳбат уюштирилди. Экологик дарсларда иштирок этган ўқитувчилар сув ресурслари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишга ижодкорона ёндошилганини алоҳида таъкидладилар ва дарслари мобайнида ушбу усулдан албатта фойдаланишларини билдирдилар.
Таъкидлаш жоизки, лойиҳа жамоаси 2019 йил декабрь ойида Қорақалпоғистонда, хусусан Амударё вилоятининг 9-сонли мактабидаги 80 нафар кичик ва катта синф ўқувчилари учун экологик дарслар ўтказган эди. Айнан ўша пайтда ўқитувчилар марказдан олис туманларда фойдаланиш учун болаларга билим берувчи материалларни қорақалпоқ тилида тайёрлашга эътибор қаратишни илтимос қилган эдилар.
2 октябрь куни ташриф доирасида ҚР Халқ таълими вазирлигида лойиҳа доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар - сув ҳақидаги ижтимоий видеороликлар, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг илтимосига биноан қорақалпоқ тилига таржима қилинган "Бебаҳо сув тўғрисида қимматли билимлар" болалар китоби, коронавирус инфекциясининг юқиш хавфини бартараф этиш бўйича маслаҳатлар битилган ахборот буклети ҳамда ЎзР Адлия вазирлиги сўровига биноан тайёрланган брендланган шахсий ҳимоя воситалари (маскалари ва қўл антисептиклари)ни етказиб бериш бўйича учрашув бўлиб ўтди.
«Биз сув ва экология бўйича билим ва хабардорликни оширишга катта эътибор бераётгани учун лойиҳадан жуда миннатдормиз. Қорақалпоқ тилида ҳам материаллар тайёрлаганингиз учун алоҳида ташаккур. Биз барча материаллар ва ҳимоя воситаларини туман мактабларига албатта етказиб берамиз, шунингдек, мавжуд барча каналлар орқали сув ҳақидаги китоб ва видеороликларни ўқитувчилар орасида максимал даражада тарқатамиз», - деди Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика ўқув-услубий марказ директори Қуаниш Жубанов.
Ҳаммаси бўлиб Қорақалпоғистон Республикасига 3000 та ниқоб ва антисептик воситалар, 5000 та болалар учун китоблар етказиб берилди. Учрашув давомида таъкидланганидек, лойиҳанинг вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ва журналистлар билан ҳар томонлама ҳамкорлиги лойиҳанинг ҳамда ишлаб чиқилган билим берувчи маҳсулотларнинг барқарорлигини таъминлашга ёрдам беради.
«Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги олдида катта вазифалар турибди. Нодавлат ташкилотлар ушбу вазифаларнинг айримларини ҳал қилишда давлатнинг ёрдамчиси ролини ўташмоқда. МОМЭМ томонидан UzWaterAware лойиҳасининг тўрт йиллик фаолияти давомида ишлаб чиқилган ўқув материаллари мамлакат аҳолиси ўртасида экологик таълимни тарғиб қилишда ёрдам беради, деб умид қиламиз», - таъкидлади МОМЭМнинг Ўзбекистондаги Филиали директори, лойиҳа менежери Шахноза Умарова.
3 октябрь куни Экоҳаракатнинг Қорақалпоғистон бўлими, шунингдек, Экологик партиянинг Нукусдаги аёллар қанотининг 40 дан зиёд вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Иштирокчилар орасида таълим, тиббиёт, экология ва бошқа турли соҳалар ходимлари бор эди. Суҳбат давомида сувни тежаш ва хабардорликни оширишда аёлларнинг ролига алоҳида эътибор қаратилди. Ўз навбатида, иштирокчилар олинган маълумотлардан фойдаланиш ва тарқатиш, шунингдек, келгусида турли йўналишлар бўйича ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Лойиҳанинг якуний босқичи доирасида шундай экологик дарслар Ўзбекистоннинг яна иккита вилояти - Сурхондарё ва Хоразм мактабларида ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистонда сув ва экологияни барқарор ривожлантириш бўйича хабардорликни ошириш ва ҳамкорлик. 3-таркиб "(ёки UzWaterAware) МОМЭМ томонидан Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги остида 2016 йилдан бери амалга оширилмоқда ва “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида сувни барқарор бошқариш" дастурининг бир қисмидир. Лойиҳанинг миллий ҳамкори - Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги. UzWaterAware мамлакатдаги сув ва экологик муаммоларга эътиборни қаратишга муваффақ бўлган ва давлат идоралари, ННТ, ОАВ билан ҳамкорликда аҳоли билан кенг кўламли ишларни амалга оширишга эришган лойиҳалардан бирига айланди.