«EKOMAKTAB» экология-ресурс маркази.

  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»

Асаларилар қирилиб кетса, дунё қандай ўзгаради.

User Rating: 5 / 5

Star ActiveStar ActiveStar ActiveStar ActiveStar Active
 

Ўтган йили Nature журнали берган маълумотларга кўра, ўтган қишда Европада асаларилар популяциясининг учдан бир қисми қирилиб кетган. Уларнинг бутунлай қирилиб кетиши хавфи реал тус олмоқда. Асаларилар қирилиб кетса, биз яшаётган дунё қандай ўзгаради? Эйнштейн асалари ортидан инсон ҳам қирилиб кетади, деган эди.

Даҳшатли рақамлар

Одам кислородсиз уч минут, сувсиз уч кун, асалариларсиз эса тўрт йил яшай олади. Ҳар қалай, Эйнштейн шундай деб ҳисоблаган. Олимнинг бу фикри 1941 йил "Canadian Bee Journal" журналида эълон қилинган. Унга кўра, асаларилар ҳалокати инсоният учун ўзининг даҳшатли оқибатларига кўра глобал ҳалокат – вулқон отилиши, метеорит тушиши ёки катта адрон коллайдерининг портлашидан кам бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси бир хил натижани беради.

Ҳозирги вақтда асалариларнинг оммавий нобуд бўлиши давом этаётир. Nature илмий журнали маълумотларига кўра, жанубий мамлакатларда ўтган қиш ичида асаларилар популяцияси 5% га, Марказий Европада 10-15%, Шимолда эса 20% га камайган. Россияда ҳам аҳволни яхши деб айтиш мушкул. Асаларилар уяларининг сони Челябинск ва Ульяновск вилоятларида айниқса кўп қисқармоқда. Умуман олганда, мамлакат бўйича асалариларнинг 20% қирилиб кетган. Мутахассисларнинг фикрича, асалариларнинг ҳозирги миқдори барча ўсимликларни чанглаш учун етарли эмас. Ўтган йили БМТ асалариларнинг қирилиши глобал муаммога айланаётгани ҳақида бонг урган эди.

Муаммонинг моҳияти нимада?

Асалариларнинг нобуд бўлиши тарихи янги эмас: бу жараён XX асрнинг ўрталарида бошланган, лекин ўз чўққисига у охирги йигирма йил ичида кўтарилди. Ягона сабаб мавжуд эмас, лекин асосий айбдор топилган – бу одамзот. Қишлоқ хўжалиги деярли ҳамма жойда кимё билан ишлов беришга ўтган – азотли ўғитлар, пестицидлардан кенг фойдаланилмоқда. Бу воситалар ҳашаротларни ўлдирмайди, балки, олимларнинг сўзларига қараганда, уларнинг иммунитетини пасайтиради, вируслар бир чеккада қўл қовуштириб қараб турмайди. Профессор Питер Нойман микроскопик кана тарқатадиган асаларилар вабоси – варроатоз ҳақида ҳикоя қилади: «Унинг хавфлилиги шундаки, у асаларининг танасидаги барча ҳаётбахш моддаларни сўриб олади. Бу айниқса кенг тарқалган асалларилар касаллиги бўлиб, мазкур каналардан халос бўлиш қийин, силласи қуриган ҳашаротларни даволаш ва ҳаётга қайтариш эса жуда кўп вақтни олади ва камдан-кам ҳолларда кутилган натижаларни беради». Ишчи асалариларнинг соғлиғи ҳақида ҳеч ким ўйламайди. Асаларичилар ўз бизнесини одатдагидек давом эттиришмоқда: асалариларнинг инларини узоқ масофаларга кўчирмоқдалар. Хусусан, АҚШда қишлоқ хўжалик экинларини чанглатиш учун асалариларнинг инларини Флоридадан Калифорнияга кўчирадилар. Бундай узоқ сафарлар натижасида асалариларнинг оилалари жуда кучли стрессга йўлиқади. Бу эса «колонияларнинг бузилиши синдроми»га олиб келади.

Мазкур синдром тавсифи америкалик асаларичилар томонидан 2006 йилда баён этилган. «Касаллик» жараёнида ҳашаротлар ўз колонияларини тарк этадилар ва унга бошқа қайтиб келмайдилар. Асаларилар якка-якка бўлиб яшамайдилар ва ўз инларидан узоқда кўп ўтмай ҳалок бўладилар. Бундай ғалати хулқ-атвор сабаби – химикатлар ва мобил алоқа радиосигналлари. Улар, Кобленц-Ландау университети олимларининг фикрига кўра, асаларилар ақлдан озишига олиб келади.

Асаларилар қирилиб кетса, нима бўлади?

Асаларилар қирилиб кетса ёки уларнинг популяцияси мисли кўрилмаган даражада қисқарса, нима бўлади? Наҳотки Эйнштейннинг: «Асаларилар бўлмаса – ўсимликлар чанглатилмаса – егулик бўлмаса – одам ҳам бўлмайди», деган башорати ўнгидан келади?

Шуни қайд этиб ўтиш лозимки, ер юзида бошқа табиий чанглатувчилар – пашшалар, капалаклар, қушлар, кўрсичқонлар, шамол ҳам бор. Бундан ташқари, асаларилар ҳамма ўсимликларни ҳам чанглатавермайди. Қадим замонларда Шимолий Америка ва Ирландия ўсимликлар дунёси асалариларсиз ҳам ривожланган. Уерга асалариларни айнан одамлар олиб келишган.

Аммо буюк географик кашфиётлар амалга оширилган замонлардан бери жаҳонда катта ўзгаришлар юз берди. Аҳоли сони кўпайди, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ҳам ошди. Бугунги кунда олинадиган жами ҳосилнинг учдан бир қисмига ўз ҳиссасини қўшадиган асалариларнинг қирилиб кетиши оқибатларсиз қолиши мумкин эмас. Инсоният фақат асалдангина маҳрум бўлмайди.

Times ва Business Insider нашрлари мутахассислар фикрига ҳавола қилиб, қуйидаги занжирни келтиради: ҳашаротлар ўртасида нобудгарчилик даражаси қанча катта бўлса, асаларичилик шунча тез фойдасиз соҳага айланади. Одамлар ўз касб-коридан воз кеча бошлайдилар ва даҳшатли статистика янада ёмонлашади. Ҳамонки ҳосилнинг катта қисмида асаларилар ҳиссаси бор экан, одамзот белига камарни тортиброқ боғлашига тўғри келади: озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат пештахталар бўшаб қолади, қолган маҳсулотларнинг нархлари осмон баравар кўтарилади. Очарчилик жаноби олийлари меҳмонга келади. Кундалик овқат рационининг бошқа элементларига умид қилишнинг ҳожати йўқ, зеро, ўсимликларнинг бир қисми йўқ бўлиб кетгач, чорва моллари ҳам озуқадан маҳрум бўлади, бинобарин, сут, пишлоқ, йогурт ва охир-оқибат мол гўшти билан ҳам хайрлашишимизга тўғри келади. Хуллас, асалариларсиз дунёда одамларнинг ҳозирги популяцияси мавжуд бўла олмайди.

Юқорида айтилганлар нуқтаи назаридан кийим-кечак тақчиллиги арзимаган муаммога айланади. Ахир асаларилар шу жумладан ғўзани ҳам чанглатади. Хуллас, «100%, 50%, 5% пахта» деб ёзилган лавҳачалар билан хайрлашиш ва полиэстер ёки терига ўтишга тўғри келади.

Келажак парҳези

Шунга қарамай, инсоният келажакка умид билан қараши мумкин. Хусусан, асаларилар меҳнатига қарам бўлмаган чўчқа уни тарк этмайди. Шамол чанглатадиган айрим озиқ-овқат маҳсулотлари – бошоқли экинлар, гуруч захиралари бироз қисқарса-да, лекин йўқ бўлиб кетмайди.

Инсон бошқа бир паноҳни тириклик бешиги – океандан топади. Асалариларнинг қирилиб кетиши балиқлар популяциясига таъсир кўрсатмайди, аммо одамзот ўзига хос бўлган очкўзлик билан ишга киришадиган бўлса, тез орада балиқлар ҳам ҳашаротлар тақдирини такрорлайди.

Муқобиллар

Олимлар асалариларнинг нобуд бўлишини тўхтатиш йўлларини қидириш билан бир қаторда, уларнинг ўрнини босишга қодир бўлган ҳашаротларни ҳам изламоқдалар. Биринчи номзод – тукли ари. У ҳам асал йиғади, лекин унинг асали асалариники каби ширин эмас. Тукли арининг асали қандли сиропни эслатади, боз устига у жуда кам. Масалан, икки асаларилар оиласи 34 кг асал берган бўлса, тукли арининг асалини кўз пипеткаси ёрдамида сўриб олганлар (48 г.).

Аммо ўсимликларни чанглатувчи ҳашарот сифатида тукли ари аллақачон ўзини кўрсатган. Масалан, Сибирнинг айрим ҳудудларида қишлоқ хўжалиги аллақачон уларга ўтган. Агроном Людмила Чупина қайд этишича, тукли арилар ўз қавмдошларидан ҳам меҳнаткаш ва уларни сақлаш анча арзонга тушади. Муаммо битта – улар ҳам қирилиб кетмоқда.

Асаларининг ўрнини босиш учун иккинчи номзод – одам. «Асалариларсиз дунё» тадқиқотининг муаллифлари Бэнжамин Элисон ва Брайан Мак Коллум одамлар асалариларсиз яшашни ўрганган дунёни тасвирлайди. Бу 2070 йилдаги Ер эмас, балки Хитойнинг ҳозирги Сичуань провинцияси. Бу ерда асаларилар юқорида зикр этилган пестицидлар туфайли йигирма йил олдин қирилиб кетган. Шунга қарамай минтақа бутун дунёда асаларилар чанглатадиган нокларнинг йирик экспортчиси ҳисобланади. Бу ерда мазкур мевали дарахтларни одамлар чанглатади. Ишчилар нок гулларини қўлда чанглатадилар. Ноқулай, серхарж, лекин самара бермоқда.

Яна бир номзод – асалари-робот. Guardian берган маълумотга кўра, янги ёрдамчини ишлаб чиқиш билан бугунги кунда Гарвард муҳандислари шуғулланмоқдалар. Асалари-роботнинг экспериментал моделлари яратилган. Робот ўз қанотлари билан асаларининг ҳаракатларини такрорлайди ва шу тариқа ўсимликларни чанглатади. Олимларнинг сўзларига қараганда, лойиҳа ўн йил ичида ўз якунига етса керак.

Барибир дунёга асаларилар керак. 65 миллион йил олдин табиат «ҳаёт китоби»дан динозаврларни ўчирган, лекин асалариларни қолдирган. Аниқроқ айтганда, Нью-Гэмпшир университети ходими биолог Сандра Реханнинг сўзларига кўра, асаларилар қирилиб кетгандан кейин қайта дунёга келган. Эҳтимол, улар ҳали инсоният қирилиб кетгандан кейин ҳам яшаб қолар.

Татьяна Шингурова


Янгиликларга обуна бўлиш

© 2024 EkoMaktab. All Rights Reserved.