«Менинг отам шундай деган эди: "Сув ҳосилни олишга имкон бериши ҳам, уни нобуд қилиши ҳам мумкин. Ҳаммаси қай тарзда ва қачон суғоришга боғлиқ».
«Кўпгина фермерларга замнавий агрономия ва суғориш амалиётлари борасида техник билимлар етишмайди. Бундай вазият технологияларнинг эскириши ёки тақчиллиги ва технологияларни бериш инфратузилмасининг мавжуд эмаслиги билан белгиланади. Суғорувчилар ишлаётган жабҳадаги институционал шароитлар технология ва ахборот тақчиллигини янада кучайтиради.
Қишлоқ хўжалик экинларини суғориш учун сувга бўлган эҳтиёжларни асослаш сув ресурсларини бошқаришнинг муҳим муаммоларидан бири ҳисобланади.
Сувни тақсимлаш ва суғориш графикини тузишнинг ҳозирги усули 1960-йилларда ўша даврнинг суғориш амалиётлари ва қишлоқ хўжалик экинлари навлари негизида ишлаб чиқилган меъёрларга асосланади. Ўтган вақт мобайнида суғориш тизимлари ва қишлоқ хўжалик экинлари навларида жиддий ўзгаришлар юз берди. Аммо сувни тақсимлаш меъёрларига жуда кам ўзгартиришлар киритилган. Далада тежаб қолинган ҳар бир кубометр сув (суғориш тармоғининг самарадорлиги 50-60% бўлганда) каналлар тармоғини реконструкция қилиш харажатларисиз сув узатилишига бўлган эҳтиёжни 50% га пасайтиради.
Анъанавий эгатлаб суғоришнинг самарадорлиги даражасига бир қатор ташқи омиллар, чунончи:
• дала юзаси яхши текисланмаганлиги;
• суғориш жараёнида узатиладиган сув сарфидаги ўзгаришлар;
• муайян табиий шароитларга мос келмайдиган, оптимал бўлмаган суғориш усулларининг қўлланиши;
• янада мукаммал суғориш усулларидан фермерлар хабардор эмаслиги;
• сув етказиб бериш хизматлари нархининг адекват эмаслиги ва сувдан фойдаланувчиларни тежамкорликка рағбатлантирмаслиги таъсир кўрсатади.
Бу омилларга қўшимча равишда, суғориш сифати зарур вақтда сувнинг керакли миқдорда мавжудлигига ҳам боғлиқ бўлади. Сув каналлар орқали етказиб бериладиган ҳудудлар яхшироқ таъминланади, сув насослар ёрдамида узатиладиган минтақаларда эса, кўпинча насослар бузилиши ёки электроэнергия билан боғлиқ муаммолар туфайли сув етказиб беришда узилишлар кузатилади. Зах қочириш тизими яхши ишламаслиги натижасида шўр ювишнинг самарадорлиги даражаси пасаяди. Сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш фермер даласига узатилган сув миқдорини аниқ ўлчашни талаб қилади. Бироқ оддий ўлчаш асбобларининг йўқлиги туфайли суғориш учун узатилган сувни ўлчаш амалга оширилмайди. Бундан ташқари, фермерлар суғориш учун сувни тежашдан манфаатдор бўлишлари лозим. Бу муаммолар ярим асрдан кўпроқ давр мобайнида тўпланган. Дастлабки босқичларда улар етарли даражада ўрганилмаган ва кўпгина техник ечимларни қўллаш кутилган самарани бермаган. Ҳозир юзага келган вазиятдан чиқишнинг мақбул йўлларини топиш зарур.
Суғоришни бошқаришни яхшилаш зовур сувлари оқимининг умумий ҳажмини пасайтиради ва суғориш учун қўшимча сув узатилишини таъминлайди. Юзаки ва ёпиқ зах қочириш қурғоқчилик шароитида суғориладиган деҳқончиликка экинлар ривожланишини таъминлаш ва тупроқнинг шўрланишини назорат қилиш учун зарур. Зовур сувлари таркибида чўкиндилар ва қишлоқ хўжалик химикатлари кўринишидаги сувни ифлослайдиган моддалар мавжуд бўлади. Зовур сувларини назорат қилиш суғориладиган деҳқончиликнинг атроф муҳитга салбий таъсирини пасайтиради. Зах қочириш ва суғориш сув ресурсларини интеграциялашган бошқариш учун ягона мажмуа сифатида қаралиши лозим».
Жеймс Аиярс.
Халқаро эксперт